Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманганда “Бағрикенглик ҳафталиги” дўстлик ва аҳиллик муҳитини янада мустаҳкамламоқда
15:26 / 2021-11-19

Республикамизда эълон қилинган “Бағрикенглик ҳафталиги” доирасида Наманган вилоятида “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” эзгу ғояси остидаги маданий, маънавий-маърифий тадбирлари кўтаринки руҳда ўтказилмоқда.

Маълумот ўрнида, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеясининг қарорига мувофиқ, 1997 йилдан буён 16 ноябрь санаси ҳар йили жаҳон ҳамжамияти томонидан “Халқаро бағрикенглик  куни” сифатида нишонланиб келинади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 15 ноябрдаги “Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида мазкур халқаро санага бағишлаб, ҳар йили “Бағрикенглик ҳафталиги” ташкил этилмоқда.

Ҳафталик олдидан Нодирабегим номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида миллатлараро тотувликни таъминлашда вилоят ҳокимлиги томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар юзасидан ахборот берилди. Миллий маданий марказлар раҳбарлари бу борада яратиб берилаётган шароитлар ва амалга оширилаётган ишлар хусусида гапирилди.

Ҳафталик давомида вилоятнинг барча ҳудудларида ташкил этилган “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” шиори остидаги маданий-маърифий тадбирларда барча миллат вакиллари фаол иштирок этмоқда.

Жумладан, Наманган шаҳридаги Бобораҳим Машраб номидаги ва “Истиқлол” кинотеатрларда ҳамда туманларда дўстлик, миллатлараро тотувликни тараннум этувчи бадиий фильмлар намойиши  ўтказилди.

“Афсоналар водийси боғи” тематик паркининг очиқ майдонида санъат усталари иштирокида концерт дастурларида вилоят аҳли ва меҳмонлари билан бир қаторда Қирғиз, Рус, Тожик ва Корейс миллий маданий марказлари фаоллари бир эзгу ғоя атрофида жисплашди, яқиндан дўстлашди.

– Бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари, шулар қаторида Наманган вилоятида истиқомат қилаётган 270 мингдан ортиқ тожик миллатига мансуб фуқаро ҳам ягона ва аҳил оила бўлиб яшаб, фидокорона меҳнати билан жонажон Ўзбекистонимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб келиоқда, – дейди вилоят Тожик миллий маданий маркази раисининг ўринбосари, “Наманган ҳақиқати” газетаси мухбири Шоҳида Даминова. – Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида мамлакатимиздаги дўстлик ва аҳиллик муҳитини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди. “Бағрикенглик ҳафталиги” доирасидаги маънавий-маърифий тадбирлар эса турли миллат вакилларини бир-бирлари билан ўзаро аҳил, тинч, тотув ва фаровон ҳаёт кечиришга ундаши билан муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юртида  “Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик – жамият барқарорлиги гарови” мавзуидаги илмий-амалий конференция ташкиллаштирилди. Унда мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш борасида олиб борилаётган давлат сиёсатининг устувор жиҳатлари юзасидан маърузалар тингланди.

“Янги Ўзбекистон Ёшлар зиё маскани” кутубхонасида бўлиб ўтган “Китоблар бизни бирлаштиради” номли китоблар кўргазмасида олий ўқув юртлари талабалари билан бир қаторда туманлардан, олис қишлоқлардан келган ёш китобхонлар ҳам фаолллик кўрсатди. Бадиий галарея кўргазмалар залида ташкил этилган расмлар кўргазмасида ёш мусаввирлар томонидан “Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик” мавзуси ўзига хос усулда ёрқин рангларда ифода этилганини айтиб ўтиш жоиз.

“Биз бир мамлакатда яшаётган ягона халқмиз” мавзуида ташкил қилинган тадбирларда  олий ўқув юртлари талабалари, барча умумтаълим мактаблари ўқувчилари фаол иштирок этмоқда.

Вилоятнинг қўшни Республикалар билан чегара ҳудудлари саналган Поп, Чуст, Косонсой, Янгиқўрғон, Чортоғ, Уйчи ва Учқўрғон туманларида “Бир замон - бир Ватан фарзандларимиз”  шиори остида миллий спорт ўйинлари ўтказилиб, унда ғолибликни қўлга киритган иқтидорли ўғил-қизлар муносиб рағбатлантирилди.

Диллар ва тилларни, қалбларни бирлаштирувчи тадбирлар энг аввало, Янги Ўзбекистонда умргузаронлик қилаётган турли миллат вакилларининг тили, маданияти, анъаналари ва урф-одатларини сақлаш ва ривожлантиришга, жамиятда кўп миллатли катта оила туйғусини, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлашга  хизмат қилади.

 

Оқилхон Дадабоев, ЎзА