English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманганда бадиий гимнастика бўйича Халқаро турнир бошланди
12:41 / 2021-05-29

Наманган шаҳридаги "Паҳлавон" спорт мажмуасида 1 июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни ва 60-анъанавий Халқаро Гуллар фестивалига бағишланган бадиий гимнастика бўйича биринчи “East cup” халқаро турнирига старт берилди.

Халқаро спорт клублари ассоциацияси, Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги, Наманган вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкиллаштирилган мазкур мусобақа қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, гимнастикага бўлган қизиқишни ошириш ва оммалаштириш, халқаро спорт муносабатларини ривожлантириш, мураббий ва спортчилар ўртасида тажриба алмашиш мақсад қилинган.

Спортнинг нафис тури бўйича Наманганда илк бор ташкил этилаётган халқаро даражадаги мазкур мусобақада мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан ташқари, қўшни Қирғизистон, Қозоғистон ва Россия Федерациясидан келган 300дан зиёд спортчи қиз иштирок этмоқда.

Гўзаллик, жозиба ва ўзига хос нозик хатти-ҳаракатларни ўзида акс эттирган беллашувларда 2002-2017 йилларда таваллуд топган қизлар туғилган ёш тоифасида якка чиқиш ва гуруҳ машқларида маҳоратини синовдан ўтказмоқда.

– Коронавирус пандемияси туфайли маълум муддат халқаро даражадаги мусобақаларда танаффус қилишга мажбур бўлгандик, – дейди Қирғизистон Республикасининг Ўш вилоятидаги "Эрем" спорт клуби мураббийси Айнура Шаршембиева. – Вазият барқарорлашгани натижасида аста-секин қўшни ва хорижий давлатларга йўл очилди. Илк сафаримиз гуллар диёри – Наманганда бўлаётганидан хурсандмиз. “East cup” халқаро турнирига етти нафар спортчимиз билан келдик. Мусобақада юқори натижаларга эришиш учун астойдил ҳаракат қиламиз. Биз учун муҳими шогирларимиз маҳоратини тоблашдир.

Ташкилотчиларнинг ташаббуси билан халқаро турнир иштирокчилари, мураббийлар ва ҳакамлар учун Гуллар байрамининг асосий тантаналари ўтказилаётган Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи ҳамда Наманган вилоятининг тарихий қадамжолари, диққатга сазовор масканлари бўйлаб туристик саёҳат уюштирилади.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА