French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманганда аҳолининг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш кўрсаткичини 25 фоизга етказиш режалаштирилмоқда
09:59 / 2021-01-17

Наманганда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш бўйича устувор вазифаларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Оммавий ахборот воситалари ҳамда блогерлар учун ташкилланган мазкур анжуманда Наманган вилояти ҳокимининг туризм ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси Ботиржон Нуриддинов, вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Анваржон Тўйчиев аҳолининг барча қатламларини оммавий спортга кенг жалб этиш, корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият юритаётган ишчи-ходимлар ўртасида мунтазам мусобақаларни ташкил этиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасида олиб борилаётган ишлар, келгусидаги режалар ҳақида батафсил ахборот бердилар.

Ўтган 2020 йил юртимизга оғир келиб, пандемияни бошдан кечирилганига қарамай вилоят спортчилари ўз устида ишлашдан бир зумга тўхташмади. Бунинг натижасида маҳоратли ўғил-қизларимиз Республика ва халқаро миқёсидаги мусобақаларда 511 та олтин, 698 та кумуш ва 1 минг 41 та бронза, жами 2 минг 250 та медалга сазовор бўлдилар. Жорий йил Япониянинг Токио шаҳри мензбонлик қиладиган ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларида вилоятимиз спортчилари томонидан ҳозирга қадар 5 та йўлланма қўлга киритилди.

Қайд этиш жоизки, бугунги кунда Наманган вилоятида аҳолининг 19,6 фоизигина жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланади холос. Демак, спорт оммавийлиги бугунги кунда талаб даражасида эмас. Ҳудудларда, айниқса, чекка ва олис қишлоқларда ёшларни спорт билан шуғулланишлари учун шароитларни муҳайё этиш, мавжуд спорт иншоотларидаги секциялар фаолиятини кучайтириш зарур.

Амалдаги кўрсаткични жорий йилда 25 фоизга етказиш режалаштирилмоқда.

Анжуманда вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси раҳбари тадбиркорларга видео-мурожаат йўллаб, унда давлат-хусусий шерикчилиги асосида спорт иншоотларини қуриш истагини билдирган ишбилармонларни спорт муассасаларида бўш ер майдонларини ажратиб бериш, имтиёзли банк кредитларини ажратилишида кўмаклашишга тайёр эканлигини маълум қилди.

Наманганда оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга қаратилган чора-тадбирлар дастури ҳамда йўл харитаси тасдиқланди. Бунга мувофиқ аҳолининг барча қатламларини спорт билан мунтазам равишда шуғулланиши учун зарур шароитлар яратиш, ишчи-ходимларга мўлжалланган “Саломатлик куни”ни белгилаш, корхона ва ташкилотлар ҳудудида “воркаут”, стритбол, стол тенниси, бадминтон каби спорт майдончаларини ташкил этиш, аҳоли учун қулай бўлган ҳудудларда замонавий юриш ва югуриш учун саломатлик ҳамда велосипед йўлакларини қуриш кўзда тутилмоқда.

Аҳамиятлиси шундаки, 2021 йилдан эътиборан вилоятнинг ҳар бир ҳудуди мавжуд салоҳият ва имконияти, ўз анъаналаридан келиб чиққан ҳолда спорт турларига ихтисослаштирилади. Масалан, Янгиқўрғон туманида волейбол, кураш, оғир атлетика, Чуст туманида стол тенниси, бокс, енгил атлетика, Тўрақўрғон туманида белбоғли кураш, футбол, регби, Наманган шаҳрида футбол, велоспорт, баскетбол, сув спорт турларини кенг ривожлантириш режалаштирилган.

Дарвоқе, коронавирус пандемияси туфайли халқаро миқёсдаги мусобақаларни кейинроқ муддатга тўхтатишга тўғри келди. Юртимиздаги мавжуд вазият барқарорлашганидан келиб чиққан ҳолда Наманганда жорий йил давомида теннис бўйича “ITF” ва “Фьючерс” туркумига кирувчи 5 та халқаро турнирни ташкил этиш таклифи берилди.

Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олдилар. Вилоятда жисмоний тарбия ва спортнинг оммавийлигини ошириш борасида ўз таклиф ва тавсияларини билдирдилар.

[gallery-820]

Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА