Халқимизда “Қинғир ишнинг қийиғи чиқади”, деган нақл бежиз айтилмаган.
Нопок йўллар билан одамлар ишончига кириб, бировларнинг пулини алдов йўли билан ўзлаштириш барибир узоққа бормаслиги тайин.
Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида 9 нафар фуқаронинг ўқишини кўчириб беришни ваъда қилган фирибгар аниқланди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг туман бўлими томонидан фуқароларнинг мурожаатларига асосан ўтказилган терговга қадар текширувда, Ш. Х. номли шахс 9 нафар фуқаронинг ишончига кириб, уларнинг қўшни Қирғизистон Республикаси олий таълим муассасасидаги ўқишини гўёки Давлат тест марказида ишловчи танишлари орқали ҳақ эвазига Наманган давлат университетига кўчириб беришини ваъда қилиб, жами 7 минг 700 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
ЎзА