French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманганда 4 йилда 2 миллион 300 мингтага яқин давлат хизматлари кўрсатилган
12:40 / 2021-12-14

Давлат хизматлари агентлиги фаолият бошлаганига 4 йил тўлди. Шу вақт ичида кўплаб фуқароларнинг оғирини енгил, мушкулини осон қилишдек масъулиятли вазифани адо этаётган тизим том маънода, халқимизнинг чинакам кўмакчисига айланди.

Янги тизимнинг жойлардаги фаолияти таҳлили хусусида Давлат хизматлари агентлиги Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи Давронбек РАВШАНБЕКОВ ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди.

– Президентимиз ташаббуси билан халқ манфаатига хизмат қилиш мақсадида ташкил этилган Давлат хизматлари кўрсатиш тизими йиллар давомида халқни қийнаб келаётган муаммоларга барҳам бериб, уларда келажакка умид ва ишонч ҳиссини уйғотмоқда, – дейди Давронбек Равшанбеков. – Жумладан, агентликнинг Наманган вилояти бошқармаси, туман, шаҳар давлат хизматлари маркази ва Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими ходимлари томонидан вилоятнинг 2 миллион 915 мингдан зиёд аҳолисига хизмат кўрсатилмоқда. Вилоят мисолида олиб қарайдиган бўлсак, ортда қолган 4 йил давомида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 2 миллион 300 мингга яқин хизмат кўрсатилиб, 76 минг 432 та тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилган. Тадбиркорлигини бошлаган фуқаролар томонидан ўртача 200 мингга яқин иш ўрни яратилди. 

Жорий йил 11 ойида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 610 мингдан ортиқ хизмат кўрсатилди. Хусусан, Наманган тумани аҳолиси тадбиркорлик соҳасини ривожлантириш, бўш иш ўринларини яратиш борасида яхши натижаларга эришмоқда. Албатта, бундай кезларда уларга туман давлат хизматлари маркази ходимлари яқиндан ёрдам бераётир.

Исмоил Обиджонов туманнинг ёш, изланувчан ишбилармонларидан бири. У тадбиркорлик фаолиятини давлат хизматлари агентлиги ташкил этилган йилда бошлаган. Ҳозирда ўзининг тиришқоқлиги ва меҳнатсеварлиги билан тўрт нафар ишсиз фуқаронинг бандлигини таъминлашга ҳисса қўшди. Келгусида, яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, тадбиркорлик соҳасини янада ривожлантириш истагида.
Ўтган давр мобайнида, Наманган вилоятидаги мавжуд 776 та маҳаллада амалга оширилган тушунтириш-тарғибот тадбирларига 32 минг 580 киши қамраб олинди. Шунингдек, вилоятдаги 679 та таълим муассасасида тарғибот тадбирлари ўтказилиб, бунда 46 минг 728 нафар ўқитувчи ва ўқувчига электрон хизматдан фойдаланиш бўйича йўл-йўриқ кўрсатилди. Аҳоли ва тадбиркорларга эса 18 мингдан ортиқ сайёр хизмат кўрсатилди.

Ҳозирга қадар, Наманган шаҳар ва 10 та туманда замонавий, ҳар жиҳатдан қулай марказлар қурилиб, аҳоли ихтиёрига топширилган. Шунингдек, бориш қийин бўлган, туман марказидан олисда жойлашган ҳудудларда давлат хизматлари марказининг филиаллари ҳам фаолият олиб бормоқда. Чекка қишлоқларда фаолият олиб бораётган филиаллар аҳолининг узоғини яқин қилишга кўмаклашиб, мазкур ҳудудларда тадбиркорлик соҳасини ҳам ривожлантиришга ҳисса қўшади. Жорий йилнинг 11 ойи давомида филиаллар томонидан 7200 та хизмат кўрсатилди.

Давлат хизматлари соҳасида олиб борилаётган ишлар кўлами йилдан-йилга кенгаймоқда. Ушбу тизим одамларнинг вақти ва маблағини тежалишига, ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олишга ёрдам бераётгани, давлат хизматлари марказлари фаолиятидан халқимизнинг кўнгли тўлаётганини алоҳида эътироф этиш керак. Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилганига 4 йил тўлиши муносабати билан аҳоли ва тадбиркорларни ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, уларни давлат хизматларидан онлайн тарзда фойдаланишларига ўргатиш, шунингдек соҳадаги янгиликлардан хабардор қилиш мақсадида давлат хизматлари карвони ташкил этилди.

Дастлаб, Тўрақўрғон туманига йўл олган марказ ходимлари тумандаги “Шарқ” маҳалла фуқаролари йиғини биносида тарғибот тадбирини ўтказди. Маҳалла аҳлига кадастр паспортини тайёрлаш, газ, электр, сув тармоқларига уланиш ва бошқа хизматлар ҳақида маълумотлар берилди. Шу куннинг ўзида 10 нафар фуқаро давлат хизматидан ўз маҳалласида фойдаланиш имкониятига эга бўлди. Байрам муносабати билан безатилган махсус карвон Чуст тумани аҳолисига сайёр хизмат кўрсатиш мақсадида туманнинг Сероб маҳалласи томон йўлга чиқди. Бу ерда аҳолига давлат хизматларидан фойдаланиш, марказда кўрсатилаётган хизматларни ўз маҳалласидан чиқмаган ҳолда олиш мумкинлиги айтилди.

Давлат хизматлари кўрсатиш тизимининг изчиллик билан такомиллаштирилиши аҳолининг ҳаёт сифати, ишчанлик муҳитини янада яхшилаш ва тадбиркорликни ривожлантириш имконини бермоқда. Тезкор, қулай ва шаффофликни таъминлаш учун муаммо ва мурожаатларни ўз вақтида ўрганмаган ташкилотларга нисбатан маъмурий чоралар кўрилмоқда. Бу  мамлакатимизда инсон манфаатлари ҳар нарсадан устун эканлигини англатади.

 

ЎзА мухбири Оқилхон Дадабоев ёзиб олди.