Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманганда 170 мингдан зиёд аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланади
15:42 / 2021-06-08

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов кеча Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг (ЕТТБ) биринчи вице-президенти Юрген Ригтеринк бошчилигидаги делегациясини қабул қилди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги маълумотига кўра, ушбу музокаралар чоғида ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, қўшма лойиҳалар амалга оширилиши ҳамда шерикликни ривожлантиришнинг истиқболли соҳалари муҳокама қилинди.

Юрген Ригтеринк Ўзбекистонда изчил амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг ижобий натижаларига юқори баҳо берди. Томонлар қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликнинг боришини батафсил муҳокама қилди.

Муҳокама доирасида инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишда хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлиги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида ҳамкорликни кучайтириш бўйича таклифлар ҳам кўриб чиқилди.

Музокаралар давомида «Наманган вилоятининг Чуст, Поп ва Наманган туманларида сув таъминотини ҳамда Чуст ва Мингбулоқ туманларида оқова тизимларини яхшилаш» лойиҳасини жорий этиш учун 70 миллион доллар миқдорида қарз битими имзоланди.

Мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши ҳисобига Наманган вилоятининг Чуст, Наманган ва Поп туманларида истиқомат қилаётган 170 мингдан зиёд аҳоли тоза ичимлик сувидан доимий фойдаланиш имкониятига эга бўлади.

Маблағлар вилоятдаги еттита қишлоқ аҳоли пункти (Чортоқ, Чуст, Жўмашўй, Қизил-Ровот, Поп, Тошбулоқ ва Уйғур)га хизмат кўрсатувчи сув олиш ва тарқатиш станциялари ва тармоқлари, магистраль қувурлар ва сув тозалаш иншоотларини, шунингдек, Чуст ва Жўмашўй қишлоқларида сув тозалаш иншоотлари, оқова сув станциялари ва тармоқларини қуриш ва таъмирлаш учун сарфланади.

Инвестициялар қарийб 115 минг янги фойдаланувчиларга сув таъминоти тармоқларига уланиш имконини беради. Янги инфратузилма туфайли сув йўқотишлари йилига 0,6 миллион кубометрга камаяди.

Лойиҳа аҳолига хавфсиз ичимлик суви етказиб бериш, истеъмолчиларининг шахсий гигиенасини яхшилаш ва мавжуд сув ресурсларини бошқариш самарадорлигини оширишга ёрдам берадиган сув таъминоти инфратузилмасини модернизация қилишни молиялаштириш орқали қишлоқ аҳолисини марказлашган сув таъминоти тизимига улаш бўйича Ўзбекистон миллий дастурини амалга оширишга хизмат қилади.

Шунингдек, қиймати 20 миллион долларга тенг бўлган «Яшил шаҳарлар» дастури доирасида «Самарқанд шаҳрига электр автобусларни сотиб олиш» лойиҳасини амалга ошириш борасида мандат хати ва Ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Меморандумга кўра, Самарқанд шаҳар ЕТТБнинг «Яшил шаҳарлар» флагман дастурининг 48-ҳамкор шаҳрига айланади. Дастур инфратузилмани барқарор ривожлантириш ва шаҳар аҳолисининг ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган.

Қайд этиш жоизки, «Яшил шаҳарлар» дастури доирасида ЕТТБ экологик муаммоларни аниқлаш, уларни ҳал этиш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш учун инвестицияларни жалб этишга кўмаклашади. Дастурда иштирок этувчи ҳар бир шаҳар атроф-муҳитни яхшилаш учун пилот лойиҳани амалга оширади.

 

ЎзА