Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманганда 16 нафар маҳалла ходимига ишдан бўшатиш нафақаси тўлаб берилди
13:20 / 2022-08-30

Наманган вилоятининг Поп тумани Адлия бўлими томонидан жамиятда фаол бўлган хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида тегишли чоралар кўрилмоқда.

Хусусан, тумандаги маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосарлари лавозимида ишлаган аёллар уларга ишдан бўшатиш нафақаси тўлаб берилмаётганидан норози бўлиб қилган мурожаатлари ўрганиб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 1 мартдаги фармонига асосан маҳалла раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосари ҳамда оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассис лавозими ўрнига хотин-қизлар фаоли лавозими жорий этилди. Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 1 мартдаги қарорига мувофиқ маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари лавозимларига номзодлар туман (шаҳар) ҳокимлари ўринбосарлари – оила ва хотин-қизлар бўлимлари бошлиқлари бошчилигидаги танлов комиссияларини шакллантириш орқали очиқ танловлар асосида ишга қабул қилинди.

– Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари негизида Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди, – дейди Поп тумани Адлия бўлими бошлиғи Баҳромжон Алимов. – Қонунчилик ҳужжатларига асосан тумандаги барча маҳалла фуқаролар йиғини раисларининг оила, хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарлари билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинган. Бироқ, ўрганиш давомида маҳалла фуқаролар йиғини раисларининг собиқ оила, хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарларининг бир қисмига ишдан бўшатиш нафақаси тўлаб берилмаганлиги аниқланди.

Ваҳоланки, Меҳнат Кодексининг 109-моддасида, иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда (ходим ўзининг меҳнат вазифаларини бажармаганлиги сабабли шартноманинг бекор қилиниши бундан мустасно) ишдан бўшатиш нафақаси тўланиши, ишдан бўшатиш нафақасининг миқдори ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлиши мумкин эмаслиги белгиланган.

Ушбу қонун бузилиш ҳолати юзасидан туман адлия бўлими томонидан туман Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлимига тақдимнома киритилди. Ушбу таъсир чорасига асосан 16 нафар аёлга жами 38 миллион 385 минг сўмлик ишдан бўшатиш нафақаси тўлаб берилиши таъминланди.

 

Оқилхон Дадабоев, ЎзА