Наманганда қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишлаб ўтказилган тантанали тадбирга соҳанинг фидойилари, илғор фермер ва деҳқон хўжаликлари меҳнаткашлари таклиф қилинди.
Якунига етиб бораётган 2020 йил қишлоқ хўжалиги соҳасида Наманган аҳли учун баракали ва омадли келди. Вилоят бўйича 1 минг 805 тоннадан зиёд пилла, 414 минг 400 тоннадан ортиқ ғалла, 211 минг 500 тонна пахта етиштирилди.
Шунингдек, озиқ-овқат хафвсизлиги ва таъминотининг давомийлигига хизмат қилувчи мўл ҳосилдорлик қайд этилди. Хусусан, 832 минг тонна сабзавот, 278 минг тонна картошка, 104 минг 500 тоннадан ошиқ полиз маҳсулотлари, 300 минг тонна мева, 124 минг тонна узум, 158 минг тонна гўшт, 733 минг 900 тонна сут, 618 миллион донадан зиёд тухум тайёрлашга эришилди.
Жорий йилда 7 миллиард 800 миллион сўм маблағ эвазига қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқиб кетган жами 2 минг 416 гектар ер майдонлари қайта фойдаланишга киритилди. 2 минг 776 гектар ер майдонида ўзлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Вилоятда 14 минг 174 гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий этилди, шундан 1080 гектар пахта майдонларида томчилатиб суғориш технологияси қўлланилди.
2020 йилда жами 457 та янги техника ва механизмлар сотиб олинди. Бу йил етиштирилган пахта ҳосилини териб олишда 45 та терим машинаси иштирок этди, шундан 22 таси кластер корхоналари томонидан янги сотиб олинди. Улар ёрдамида 13 минг 100 тоннадан ортиқ “оқ олтин” териб олинди. Чорвачилик соҳасида ҳам эътиборга молик ишлар амалга оширилди. Жумладан, чет эл давлатларидан 1 минг 400 бош наслли қорамол олиб келинди. Поп ва Чуст туманларида 4 минг 244 бош қўй келтирилди. Шундан 3 минг 882 бош қўй кооператив усулда ўртача 15-20 бошдан аҳоли хонадонларига тарқатиб берилди. Шунингдек, хонадонларда кластер ва кооператив асосида қорамол, парранда, қуён ва беданалар ҳам парваришланмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даврида соҳа ва тармоқларда амалга оширилган салмоқли саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ умумий қиймати 106 миллион 300 минг доллар қийматига эга бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари хориж мамлакатларига экспорт қилинди. Яқинда эса хитойлик инвесторлар билан Чуст туманида 1 минг 500 гектардан ошиқ ерда гилос етиштириш бўйича муҳим келишувга эришилди. Бу ўз навбатида вилоятнинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги экспорт салоҳиятини ошишига хизмат қилади. Келгусида Янгиқўрғон, Косонсой ва Чортоқ туманларини мева-сабзавотчиликка ихтисослаштириш, уларда бу борада истиқболли йирик лойиҳаларни ишга тушириш, қишлоқ хўжалигининг барча йўналишларида кластер усулини ривожлантириш, янги балиқчилик хўжаликларини ташкил этиш ҳисобига балиқ ишлаб чиқаришни ҳажмини кўпайтириш режалаштирилган.
Тантанали маросимда Наманган вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Абдураззоқов соҳа ходимларини байрам билан қутлаб, жорий йилда эришилган мазкур ютуқларни эътироф этиб, бунда заҳматкаш ва мард бободеҳқонларнинг ҳиссалари беқиёс эканлигини таъкидлади. Соҳа алоҳида ўрнак бўлган бир гуруҳ ҳамюртларимизга “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги фидойиси” кўкрак нишонлари ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғаларини топширди.
– Ишлайман, шу юртга, шу элга нафим тегсин, деган деҳқон борки доимий эътиборда, эъзозда. Камтарона қилган меҳнатларимиз юксак қадрланганидан бағоят хурсандман, – дейди Тўрақўрғон туманидаги “Каримов Ёқубжон саховати” фермер хўжалиги раҳбари Юлдузой Каримова. – 2020 йил хўжалигимиз учун салмоқли натижаларга бой тарзда поёнига етмоқда. Ғалладан 250, пахтадан 101 тоннадан ортиқ ҳосил олиб, шартномавий режаларни ёруғ юз билан уддаладик. Германия ва Австрия давлатларидан келтирилган 45 бош наслли қорамол парваришлаяпмиз. Бугунги кунда сут ва сут маҳсулотларини аҳолига арзон нархларда етказиб берилмоқда. Пандемия даврида ўзига хос синовдан ўтдик. Оғир дамларда ҳам хўжалигимиз четда тургани йўқ. Биринчи навбатда эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш диққат марказимизда бўлди. Ўзим депутат бўлиб сайланган ҳудудда мини-стадион, нонвойхона, ошхона, дорихона қурдик. Айни пайтда давлат хусусий шериклик асосида мактабгача таълим ташкилотини бунёд этиш жадаллик билан олиб боряпмиз. Насиб қилса, бу тарбия маскани янги йилдан болажонларни ўз бағрига олади. Камтарона меҳнатларимиз “Мўътабар аёл”, “Меҳр-саховат”, “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги фидойиси” кўкрак нишонларига муносиб кўрилганидан бағоят хурсанд бўлдим. Бундай эътирофлар хўжалигимизнинг юздан зиёд ишчи-ходимларининг меҳнатлари маҳсулидир.
Байрам тадбирида вилоят бадиий жамоалари ҳамда таниқли хонандалар Рустам Ғоипов, Тошпўлат Маткаримов, Ҳулкар Абдуллаева ва Яҳёбек Мўминов йиғилганларга хуш кайфият улашди.
[gallery-449]
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА