Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманган юридик техникумига 180 талаба қабул қилинади
19:25 / 2023-07-26

Республика Адлия вазирлиги Наманган юридик техникумида оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда 2023-2024 ўқув йили учун умумий ўрта маълумот ва ўрта махсус маълумотга эга бўлган абитуриентларни давлат гранти ҳамда тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш жараёнларига кўрилаётган тайёргарликлар юзасидан маълумот берилди. Техникум директори Гули Эгамова ҳудудлардаги айрим касб-ҳунар ва юридик коллежлар техникумларга айлантирилганлигини қайд этиб ўтди.  

Жумладан, Наманган юридик техникуми янгича руҳда фаолиятга киришди. Таълим даргоҳи замонавий қиёфа касб этган собиқ академик лицей биносига кўчиб ўтди. Ажратилган 11 миллиард сўмдан зиёд маблағ эвазига бўлажак ҳуқуқшунослар учун барча қулайликлар яратилди. 600 ўринга мўлжалланган таълим масканининг ўқув хоналари халқаро стандартларга жавоб берувчи жиҳозлар билан таъминланди.  

Наманган юридик техникумида янги ўқув йили учун давлат ҳуқуқий фаолияти, юридик хизмат ва суд-ҳуқуқий фаолияти таълим йўналишларида кундузги ва сиртқи таълимга умумий ўрта маълумот (11-синф) ҳамда ўрта махсус маълумотга эга бўлган абитуриентларни давлат гранти ва тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш белгиланган.  

Хусусан, янги ўқув йили учун 90 нафар кундузги, 90 нафар сиртқи таълим йўналишига синовлардан муваффақиятли ўтган 180 нафар абитуриент қабул қилинади.  

Анжуманда, жорий йилнинг 1 августидан 20 августига қадар абитуриентлар ўқишга кириш учун давлат хизматлари маркази, ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг расмий веб-сайти орқали электрон шаклда ҳужжат топширишлари мумкинлиги ҳақида маълумотлар берилди.  

Оқилхон Дадабоев, ЎзА