Йўллар инфратузилмасини мустаҳкамлашда замонавий техникалар муҳим аҳамият касб этади. Шу боисдан ҳам Наманган вилояти учун ички йўлларни таъмирлаш мақсадида 14 та замонавий “Freza” махсус техника харид қилинди.
Мазкур замонавий транспорт воситалари Самарқанд шаҳрида жойлашган “Uz Truck and Bus Motors” қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган бўлиб, ички йўл қопламаларини янгилашда самарали ҳисобланади.


Таъкидлаш даркор, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари кўчалари ҳамда ички хўжалик йўллари инфратузилмасини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, шаҳар ва туманлар ободонлаштириш бошқармалари таркибида ички йўлларни сақлаш ва жорий таъмирлаш участкалари ташкил этилган.


Давлатобод туманидаги “Янги Ўзбекистон боғи” олдида ушбу техникалар Наманган шаҳар ва туманлар ободонлаштириш бошқармаларига тантанали равишда топширилгани янги йилга муносиб туҳфа бўлди. Тадбирда қатнашган Наманган вилояти ҳокими, сенатор Шавкат Абдураззоқов “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да йўл инфратузилмасини янада ривожлантириш борасида белгиланган янги режаларни бажаришда бу техникаларнинг аҳамияти катта эканлигини таъкидлади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.