Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов Давлатобод туманида жойлашган Наманган халқаро аэропортида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди.

Айни пайтда, водийнинг “ҳаво дарвозаси” ҳисобланган мазкур тайёрагоҳда давлатимиз раҳбарининг топшириғи асосида кенг кўламли қурилиш-реконструкция ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.

Таъкидлаш жоиз, “Namangan xalqaro aeroporti” масъулияти чекланган жамият бошқаруви давлат хусусий шериклик асосида тадбиркорлик субъекти ихтиёрига берилади. Қолаверса, аэропортнинг модернизация қилиниши Наманган вилоятининг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш ҳамда туризмни янада ривожлантиришга хизмат қилиши шубҳасиз.

Янги терминал қурилиши натижасида халқаро авиақатновлар сони ортиб, йўловчилар ҳамда уларни кутиб олувчи ва кузатувчи фуқаролар учун янада кенг имкониятлар яратилади. Келажакда Наманган халқаро аэропорти нафақат вилоятнинг, балки минтақанинг иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамият касб этади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА