Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманган вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид вазифалар ижроси парламент назоратида
14:41 / 2023-08-12

Ҳудудни ижтимоий иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган прогноз кўрсаткичлар ижросини таъминлаш ҳолатини ўрганиш ва бажарилишида кўмаклашиш мақсадида жорий йилнинг 10 –11 август кунлари Сенат Раисининг Наманган вилоятига ташрифи амалга оширилди.

Аввал хабар берганимиздек, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид белгиланган вазифалар устидан таъсирчан парламент назорати олиб бориш мақсадида Олий Мажлис Сенати Раиси бошчилигидаги сенаторлардан иборат ишчи гуруҳ водий вилоятларида ижтимоий-иқтисодий объектлар фаолияти билан танишиб, маҳаллаларда аҳоли билан бевосита мулоқотлар ўтказмоқда.  

Ишчи гуруҳининг навбатдаги манзили Наманган вилояти бўлди.  

Ташриф давомида Сенат Раиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ вилоятнинг Наманган шаҳри, Тўрақўрғон, Косонсой, Янгиқўрғон ва Давлатобод, Наманган туманларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириқ ва кўрсатмалари ижросини таъминлаш бўйича қандай ишлар амалга оширилаётганига алоҳида эътибор қаратди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар берди.  

Жумладан, ишчи гуруҳ аъзолари Тўрақўрғон туманидаги 320 ўринли 5-сонли мактабга ташриф буюрди. У ерда янги ўқув йили учун кўрилаётган тайёргарликка, нафақат моддий-техник таъминот масалалари, балки ўқувчиларни доимий дарсларда иштирок этишини таъминлаш борасида қандай режалар қилинаётганига аҳамият берилди.  

Шунингдек, тумандаги “Ибрат” МФЙ ҳудудидаги ип-калава ишлаб чиқариш, пахтани қайта ишлаш, матони тўқиш ва бўяш бўйича амалга оширилаётган (1 000 та иш ўрни) лойиҳа билан танишилди.  

Шу билан бирга тумандаги “Юқори Мўғилтой” МФЙдаги 700 иш ўрнига мўлжалланган тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти кўздан кечирилди. У ерда тадбиркорларга берилаётган имтиёз ва имкониятлар билан бирга, ишчиларга яратилган шарт-шароитлар, уларга тўланаётган муносиб иш ҳақлари юзасидан суҳбатлашилди. Мулоқотлар давомида корхона ишчилари бу каби корхоналарнинг кўпайиши кўплаб уйда ўтириб қолган болали аёллар молиявий жиҳатдан ўз оиласига кўмак бўлишига замин яратаётганини алоҳида таъкидлади.  

Ишчи гуруҳнинг навбатдаги манзили Косонсой тумани бўлди. У ерда масъуллар Намуна кичик саноат зонаси ҳудудида ташкил этилаётган умумий қиймати 180 миллиард сўмлик “Сочиқ ишлаб чиқариш” лойиҳаси билан танишди. Лойиҳалар билан танишув жараёнида айни вақтда туманнинг тоғли ҳудуди ҳисобланган “Косонсой сойи” қирғоғида ички туризмни ривожлантириш орқали янги савдо ва сервис объектларини ишга тушириш бўйича амалий ишлар олиб борилаётгани алоҳида таъкидланди.  

Бундан ташқари, ишчи гуруҳ Янгиқўрғон ва Давлатобод туманларидаги ишлаб чиқариш қувватлари, тадбиркорлик субъектлари ва кичик саноат зоналарида амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар билан танишди.  

Қайд этилишича, биргина Янгиқўрғон туманининг ўзида 4,6 га майдонга эга 2 та кичик саноат зонаси мавжуд бўлиб, у ерда 43 та янги лойиҳа ишга туширилиши натижасида 1,2 мингта иш ўрни яратилиши кутилмоқда.  

Ишчи гуруҳ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 январдаги қарорига асосан тумандаги бешта маҳалла фуқаролар йиғинлари ўртасидан ўтувчи Ғалаба кўчасини туну кун ишлайдиган савдо, кўнгилочар, гастрономик, туризм ва санъат йўналишларига ихтисослашган махсус савдо ва кўнгилочар кўчага айлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолатини кўздан кечирди.  

Шунингдек, Сенат Раиси Наманган шаҳрида 1030 ўринли ўқув ўрнига мўлжаллаб реконструкция қилинаётган 38-сонли умумтаълим мактаби, 180 ўринли 30-сонли мактабгача таълим ташкилотидаги реконструкция ишлари ҳамда Қўқон кўчасининг 2,6 км қисмида амалга оширилган асфальтлаш ва ободонлаштириш ишлари билан танишди.  

Шу билан бирга, Наманган шаҳридаги кўп тармоқли марказий поликлиника фаолияти билан танишилиб, мазкур поликлиника биноси сўнгги 10 йилда умуман капитал таъмирланмаганлиги, тўлиқ реконструкцияга муҳтожлиги аниқланди.  

Галдаги манзил Наманган туманининг Миришкор МФЙ ҳудудида “Тошбулоқ инвест гроуп” корхонаси бўлди.  Қайд этилишича, 130 млрд сўмлик лойиҳа асосида ташкил қилинаётган “Цемент ишлаб чиқариш заводи” ишга туширилиши натижасида тумандаги 10 та маҳалланинг 170 нафар аҳолиси иш билан таъминланади.  

Ўрганишлар натижасида маълум бўлдики, Наманган туманида 3 та саноат зонасида бўш турган 24 га майдонда 80 та янги лойиҳани амалга ошириш ва камида 2500 та иш ўрнини яратиш имконияти мавжуд.  

Ўрганиш натижалари Сенат аъзолари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши доимий комиссиялари раислари, вилоят сектор раҳбарлари, вилоят ҳокимлиги котибият ва гуруҳ раҳбарлари, вилоят ташкилот ва идоралар раҳбарлари ҳамда туман ҳокимлари иштирокида муҳокама қилинди.  

Ишчи гуруҳининг вилоятдаги ўрганишлари давом этади ҳамда натижалари ҳар икки ҳафтада халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессияларида, Сенат Кенгаши ва вилоят Кенгаши қўшма мажлисларида танқидий муҳокама қилиниб, масъулларнинг ахборотлари эшитиб борилади.

 

ЎзА