English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманган вилоятидаги барча туманларда мономарказлар ўз фаолиятини бошлади
10:23 / 2021-02-02

Жорий йилнинг январь ойида Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишларида аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларни ишга жойлаштириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш юзасидан мутасадди раҳбарларга муҳим вазифалар юклатилган эди.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида Наманган вилоятидаги деярли барча туманлардаги касб-ҳунар мактабларида бир вақтнинг ўзида мономарказлар очилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирларда Наманган вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Толибжон Юсупов, вилоят бандлик бошқармаси бошлиғи Раҳмонжон Расулов, вилоят касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Баҳодир Тожиматов иштирок этдилар.

Қайд этилганидек, мономарказларнинг ташкил этилишидан асосий мақсад ишсиз ва эҳтиёжманд фуқароларни замонавий касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш, уларни доимий даромад келтирадиган меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш орқали бандлигини таъминлашдан иборат. Бунда асосий эътибор меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар, тадбиркорлик асослари ва хорижий тилларга ўқитишга қаратилади.

[gallery-988]

Уйчи туманида ташкил этилган мономарказда иссиқхона ишчиси, ошпаз, қандолатчи, пайвандловчи, аёллар сартароши, тикувчилик, ҳайдовчилик, электромонтёр, хорижий тиллар, шина монтаж, бухгалтерия, компьютер графикаси, автомобилларни таъмирлаш сингари мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрланиши кўзда тутилган.

Мономарказда илк босқичда тўртта йўналиш бўйича иш билан банд бўлмаган 110 киши бепул ўқитилади. Улар уч ой давомида стипендия билан ҳам таъминланади, битирганларидан кейин сертификат берилади. Жорий йилда ишсиз ва касб-ҳунарини ўзгартириш истагида бўлганлардан 524 нафарини ўқитиш режалаштирилган.

Норин туманидаги мономарказда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижий мамлакатларга кетаётган фуқаролар ҳамда ишсиз хотин-қизларни касб-ҳунарга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, хорижий тиллар ва тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш каби методик ва ташкилий ишлар амалга оширилади.

Учқўрғон туманида ҳам ишсиз фуқароларни бандлигини таъминлаш ва касб-ҳунарга қайта ўқитиш мақсадида очилган мономарказда тикувчилик, қандолатчилик, новвойлик, асаларичилик, чилангарлик, инглиз ва рус тили йўналишлари ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда 134 аёл ва ёш ўқишади. Шунингдек, тумандаги Шаҳрихончек маҳалласида ташкил этилган касб-ҳунарга ўқитиш марказида 11 та йўналиш бўйича уч ойлик қисқа муддатли ўқув курслари фаолияти йўлга қўйилган. Куни кеча эса ўқув марказининг 100 нафар битирувчисига дастлабки сертификатлар топширилди.

Бундай мономарказлар яқин орада Наманган шаҳри ва Давлатобод туманида ҳам ташкил этилиши режалаштирилган.

Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА