French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманган вилоятида кўкламолди ҳашар тадбирлари бошланди
12:46 / 2022-02-21

Ҳашар – халқимизга хос, асрлар силсиласида эъзоз топиб келаётган миллий қадрият саналиб, элимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Ҳар йили фасллар келинчаги баҳор кириб келиши олдидан тозалик ва саришталик ишлари авжига чиқади.

“Ободлик кўнгилдан бошланади”, деганларидек ҳар бир ҳудуд, ҳар бир маҳалла ён-теварагини обод ва кўркам қилишга киришади. Қолаверса, ўтганларни руҳини шод этиш, марҳумларнинг хотирасига эҳтиром кўрсатиш, улар мангу кўним топган қабристонларни ободонлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 17 февраль куни қабул қилинган “2022 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида” ги қарорида мамлакатимизда бошланган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида белгиланган тадбирларни уюштириш, Наврўз умумхалқ байрами арафасида барча ҳудудларда, ҳар бир кўча, маҳалла, туман ва шаҳарларда ободончилик ва кўкаламзорлаштиришга қаратилган умумхалқ ҳашарларини ўтказиш белгиланди.

Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида ҳам кўклам нафаси олдидан ҳашарга киришилди.

– Туманимиз ҳудудлари бўйлаб "Маҳаллабай" иш ташкил этилиб, гузар ва кўчаларда озодалик, ободончилик мавзусида тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилмоқда, – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Учқўрғондаги вакили, туман бош имом-хатиби Акбарали Юсуфжонов.

 – Ҳашарларда муқаддас зиёратгоҳ ва қабристонларда ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, айрим эътиборга муҳтож қабрлар тартибга келтирилди. Масалан, Янгиер маҳалласи ҳудудида жойлашган “Хўжа Саид” қабристони ҳамда шу манзилда ётган улуғ валийлардан Хўжа Саид Аҳмад Эшон бува зиёратгоҳида ташкил этилган ҳашар кўтаринкилик билан ўтди. Шунингдек, диний идора вакиллари томонидан кўча ва йўл бўйларига "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида мевали, манзарали дарахт кўчатлари экилди. 

Оқилхон Дадабоев, ЎзА