ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилоятида қулупнайчилик яхши ривожланган бўлиб, бир йилда 1200 тонна қулупнай етиштирилади. Унинг 800 тоннадан ортиғи Учқўрғон тумани ҳиссасига тўғри келади.
Туманининг 2000 гектарга яқин майдонида, жумладан, аҳоли томорқаларидан то дала томорқаларигача қулупнай экилган бўлиб, айни дамда ҳосил пишиб етилган. Омилкорлар қулупнай териш билан банд.
– 50 сотих майдонда қулупнай етиштирамиз, - дейди томорқа эгаси Илҳомжон Қўлдошев. - Йил давомида даромадимиз бор. Январь, февраль, апрель, май, октябрь ва ноябрь ойларида мевасини, август-сентябрь ойларида кўчатини сотамиз. Қулупнайнинг кони фойда.
Қулупнайчиликда янгиликлар яратиш устида салмоқли иш қилинмоқда. Чет давлатлардан ширин таъмли, экспортбоб навлар олиб келиниб, маҳаллийлаштирилмоқда.
Учқўрғон туманидаги Қозоқовул маҳалласининг 539 хонадонида 2809 нафар аҳоли истиқомат қилади. Шулардан 1309 нафари хотин-қизлар. Маҳалланинг асосий драйвери деҳқончилик.
– Ўтган йилда ҳудудимизда томорқасидан фойдаланмаётган 10 нафар фуқаро бор эди, - дейди маҳалла хотин-қизлар фаоли Нилуфар Рустамова. – Жорий йилда тушунтириш ишлари, моддий кўмак ва жамоатчилик назорати туфайли бундай оилалар бартараф этилди. Қувонарлиси, шу 10 оиланинг барчаси томорқадан унумли фойдаланиш эвазига кам таъминланган оилалар рўйхатидан чиқарилди.
[gallery-17136]
Ҳамида Аҳмедова маҳаллада якка ёлғизлар рўйхатида туради. 4 сотих томорқа майдонига ўтган йилнинг кузидаёқ қулупнай, саримсоқпиёз қадаган. Айни пайтда у асосий даромад манбаига айланди. Қиш бўйи эса хонадон эгаси бозорга кўкат олиб чиқиб даромадга эга бўлди.
Одина Исмоилова ҳам ана шундай фаол аёллардан. У ҳовлисидаги 6 сотих ердан самарали фойдаланиб, қулупнай, зираворлар, кўкатлар етиштирмоқда. Айни пайтда унинг хонадонида ҳам қулупнай мўл ҳосилга кирган.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА