French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманган вилоятида 847 мингдан зиёд сайловчи овоз берди
16:11 / 2023-07-09

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 6-Наманган сайлов округида аккредитациядан ўтган марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Анжуманни олиб борган округ сайлов комиссияси раиси Собитхон Турғуновнинг қайд этишича, муддатидан илгари Президент сайловини ўтказиш мақсадида Наманган вилоятида 832 сайлов участкаси бўлиб, уларда жами 1 миллион 577 минг 729 нафар сайловчи рўйхатга олинган.

Вилоятдаги участкаларни танлашда транспорт хизмати талаб қилмайдиган, салқин иқлим шароитларига эга бўлган жойларга алоҳида эътибор қаратилди. Аввалги сиёсий тадбирлардан фарқли ўлароқ сайловчилар рўйхатини шакллантиришда рақамли технологиялардан самарали фойдаланилгани айни муддао бўлди. Сайловчиларнинг 35 мингга яқини 18 ёшга тўлган, биринчи марта сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга йигит-қизлар бўлса, умумий сайловчиларнинг 49 фоиздан ортиқроғини хотин-қизлар ташкил этади. Эътиборлиси шундаки, соат 11:00 га қадар ёш сайловчиларнинг барчаси сиёсий тадбирда ўз хоҳиш-иродасини намоён этди.

Наманган вилоятида қизғин давом этаётган сайлов жараёнларини Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ҳамда МДҲ мамлакатларидан 25 нафар халқаро кузатувчи кузатиб бормоқда.

Инсонпарварлик сиёсатидан келиб чиққан ҳолда, мавжуд сайлов участкаларида ногиронлиги бор, беморлар, ёлғиз кишилар, кўзи ожизлар, жисмоний имконияти чекланган фуқароларга ҳам қулайликлар ҳозирланди. Жумладан, барча участкалар брайль алифбосида тайёрланган трафаретлар билан таъминланган. Шунингдек, мавжуд сайлов участкалари вакиллари томонидан вилоят миқёсидаги 8 мингдан зиёд беморлар ҳузурига кўчма қутиларни олиб борган ҳолда уларнинг сайловда иштирок этишлари учун имконият яратилмоқда.

[gallery-12677]

Маълумки, сайлов куни ўз яшаш жойларида бўлиш имконига эга бўлмаган мигрантлар, деҳқонлар, хизмат сафари ва туризм зиёратига йўл олаётган фуқаролар 28 июндан 5 июлга қадар давом этган муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланди. Наманган вилоятида жами 44 минг 222 нафар сайловчи ёки умумий сайловчиларнинг 2,8 фоизи муддатидан олдин ўзлари танлаган номзодларга овоз берди.

Матбуот анжуманида журналистлар сайлов жараёнларини ташкил этиш ва ўтказиш, шунингдек, овоз бериш жараёнлари билан боғлиқ саволларига асосланган жавоблар олишди. Қайд этиш жоиз, Наманган вилоятида сайловчиларнинг фаоллиги яққол кўзга ташланмоқда. Бугун соат 13:00 ҳолатига умумий сайловчиларнинг 847 минг 375 нафари ёки 53,71 фоизи овоз беришда иштирок этди.

Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА