Наманган вилоятидаги барча сайлов участкалари, хусусан, Наманган шаҳридаги Ихтисослаштирилган санъат мактаби биносида жойлашган 67-сайлов участкасида ҳам овоз бериш жараёни бошланди. Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси янгради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси, Наманган вилояти Нуронийлар жамоатчилик кенгаши раиси, "Эл юрт ҳурмати ордени" соҳиби Икромхон Нажмиддинов мазкур сайлов участкасига биринчилардан бўлиб ташриф буюрди ва сайловда овоз бериш жараёнини бошлаб берди.

– "Янги Ўзбекистонда янги сайловлар" шоири остидаги Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов мамлакатимизда халқаро стандартлар талабларига жавоб берган ҳолда, янги ишлаб чиқилган миллий сайлов қонунчилиги асосида очиқ, ошкора, демократик руҳда ташкил этилмоқда, – дейди Cенатор Икромхон Нажмиддинов. –Эрталабдан сайловга ошиққан фуқароларнинг кайфиятидан шуни айтиш керакки, бугун сайлов чинакам кўтаринкилик билан ўтади. Бу эса, мамлакатимизда сўнгги беш йил ичида барча соҳаларда олиб борилган кенг қамровли ислоҳотлар, янгиланишлар, бунёдкорлик ишлари, инсон қадри улуғланаётганини аҳоли ҳис этаётганидан далолат беради.

– Сайловда участкамиз томонидан рўйхатга олинган Сардоба маҳалласининг Алишер Навоий, Нодира, "Андижон", Саъдий Шерозий ва Амир Темур кўчаларида яшовчи 1669 нафар фуқароси иштирок этиши кутилмоқда, – дейди Наманган шаҳридаги 67-участка сайлов комиссияси раиси Акмал Тошпўлатов. – Улардан 39 нафари 14-19 октябрь кунлари муддатидан олдин овоз берди. Президент сайловида 18 ёшга тўлган 23 нафар йигит-қиз илк маротаба конституциявий ҳуқуқидан фойдаланади. Қолаверса, сайлов участкасига келолмайдиган ногиронлиги бор, уйида ётиб қолган 27 нафар сайловчининг хонадонига кўчма сайлов қутисида боришни режалаштирганмиз.

Участка сайлов комиссияси аъзолари бир марталик тиббий ниқоб, антисептик воситалар ва бошқа тиббий гигиеник буюмлар билан таъминланган.

Президент сайловини ўтказувчи 6-Наманган округ сайлов комиссияси раиси Собитхон Турғуновнинг маълум қилишича, бугун сайловда Наманган вилоятидан жами 1 миллион 655 минг 648 нафар сайловчининг иштирок этиши кўзда тутилган. Шулардан 77 мингдан зиёди биринчи марта сайловда иштирок этиш имкониятига эга бўлган йигит-қизлардир
Оқилхон Дадабоев, ЎзА