Юртимизни ободонлаштириш, ҳудудлар қиёфасига чирой бағишловчи "Яшил макон" умуммиллий лойиҳасининг баҳорги мавсуми бошланди.
Наманган вилоятида жорий йил баҳорида олти миллион туп кўчат ва буталар экиш режалаштирилган. Шу боис, кўкламнинг илк кунида яшилликка алоҳида эътибор қаратилиб, барча шаҳар ва туманларда ҳашарлар ўтказилмоқда.
Давлатобод туманидаги "Янги Ўзбекистон боғи" тематик паркида ташкил этилган лойиҳанинг янги мавсуми бошланиши тадбирида Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов қатнашди. Боғ ҳудудига минг тупдан зиёд манзарали кўчатлар ўтқазилди.


***
Наманганда шу йилнинг февраль ойидан бошлаб замонавий “Электрон рецепт” тизимини босқичма-босқич тарзда амалиётга жорий этишга киришилди. Дастлаб Давлатобод, Янги Наманган ва Наманган шаҳарларида синов тариқасида фаолият кўрсатади.
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департементи вилоят бошқармаси, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддилари томонидан бу борадаги ишлар ўрганилди.
Энди шифокорлар рецептни қоғозда ёзмайди, барчаси электрон форматда амалга оширилади. Йил охиригача босқичма-босқич бошқа туманларда мазкур тизимни жорий этиш режалаштирилган. Бу янгилик тиббий хизмат сифатини ошириш, дори воситаларини белгилашда шаффофликни таъминлаш ҳамда беморлар учун қулайлик яратишга қаратилган.


***
Янгиқўрғон туманидаги 1-умумтаълим мактабида инвестиция дастури асосида бунёд этилган янги 600 ўринли ўқув биноси фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан бўлган тадбирда сўзга чиққанлар сўнгги йилларда таълим соҳасини тубдан ислоҳ қилиш борасидаги хайрли ишлар ва уларнинг самараси хусусида тўхталди.
Маълумот учун: мазкур таълим масканида бюджет ҳисобидан 13,3 миллиард сўм йўналтирилиб, мавжуд бинолар замонавий талаблар асосида таъмирланди, қўшимча ўқув бино қад ростлади.


***
Наманган туманидаги саноат ва иқтисодиёт техникуми негизида “Gavhar group” масъулияти чекланган жамияти томонидан йўлга қўйиладиган умумий қиймати 30 миллиард сўм бўлган заргарлик мактаби барпо этилиши туфайли 105 та янги иш ўрни яратилади.
Ушбу лойиҳа халқаро даражадаги мутахассиларни жалб этган ҳолда маҳаллий заргарларни янги талаблар асосида қайта тайёрлаш, илмга асосланган заргарлик ўқув дастурларини жорий этиш, Сингапур тажрибаси асосида техникум, олий ўқув юртини ташкил этиб, ишлаб чиқаришни жаҳон андозаларга мослаштиришга қаратилган.


***
Янги Наманган туманининг Гўзал маҳалласида жойлашган “Velley toys” масъулияти чекланган жамиятида болалар ўйинчоқлари ишлаб чиқарилади.
Тадбиркор Толиб Абдуллаев томонидан таъсис қилинган мазкур корхонада 20 турдан зиёд турдаги замонавий ўйинчоқ ва қўғирчоқлар тайёрланади.

Айни вақтда цехнинг ўзида 30 кишининг бандлиги таъминланган. Қолаверса, кооперация усулида яна 70 хонадонга хомашё бериб, тайёр маҳсулот олади ва шу йўл билан 100 га яқин фуқаролар ишли бўлади.
Корхона фаолиятни янада кенгайтириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш баробарида хавфсизлик ва сифат масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА