Давлатобод туманидаги “Океан” сув спорти саройида Ўзбекистон “Aqiatik” (сузиш) федерацияси Наманган вилояти бўлими ҳамда Андижон Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказининг синхрон сузиш бўлимлари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Мазкур келишув доирасида синхрон сузиш спорт турини оммалаштириш ва ривожлантириш, ёшлар ўртасида қизиқишни кучайтириш ҳамда иқтидорли спортчилар аниқланиб, уларнинг маҳоратини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Айни шу мақсадда, ўн кун давомида вилоят сув спортига ихтисослаштирилган спорт мактабида бир қатор атлетлар иштирокида ўқув-йиғин машғулотлари ўтказилди. Унда спортчиларнинг тайёргарлик даражаси синаб кўрилиб, тажрибали мураббийлар томонидан амалий машқлар ҳам уюштирилди.


***
Мустақиллигимизнинг ўттиз тўрт йиллиги муносабати билан вилоятнинг шаҳар ва туманларида турли байрам тантаналари, спорт мусобақалар ташкил этилмоқда. Жумладан, Миллий гвардия ташаббуси билан Давлатобод туманида ўтказилган “Отлар паради” томошабинлар учун унутилмас таассуротлар қолдирди.
Парадда турли зотдаги, чиройли безатилган отлар намойиш этилди. Чавандозларнинг маҳорати, отларнинг салобатли қиёфаси ва жозибали юриши байрамга кўтаринки завқ улашди.
Мазкур тадбир ўз навбатида, миллий қадриятларимиздан саналган чавандозлик анъаналарини кенг тарғиб қилиш, қолаверса, ўсиб келаётган ёш авлод вакилларини спортга ва соғлом турмуш тарзига йўналтиришга ҳам хизмат қилади.


***
Наманган шаҳридаги Якка кураш спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактаби тарбияланувчилари халқаро ареналарда юксак маҳорат кўрсатиб, улкан ғалабалари орқали Ватанимиз довруғини юксалтирмоқда.
Хусусан, Россия Федерациясининг Налчик шаҳрида ўқув-йиғин машғулотларида маҳоратини оширган икки нафар спортчимиз Россия таэквондо федерацияси президенти таъсис этган халқаро турнирда юксак натижаларга эришишди. Финалгача бўлган жангларни ғалаба билан якунлаган Маржона Ҳайитова кумуш медални қўлга киритди. Ярим финалгача етиб келган Мардона Хусниддинова эса мусобақани бронза медаль билан якунлади.
Яқинда Хитойнинг Ченгду шаҳрида бўлиб ўтган таэквондо бўйича “Youth Grand Slam” халқаро турнирида ҳамюртимиз Бекзод Йўлдошев 33 килограмм вазн тоифасида муваффақиятли қатнашиб, олтин медалга сазовор бўлди.


***
Янги Наманган туманидаги Гимнастика спорт турларига ихтисослашган спорт мактаби таркибида фаолият юритаётган “Паҳлавон” спорт мажмуаси тубдан таъмирланмоқда.
Таъмирлаш ишлари доирасида спорт залидаги пол қопламаси бутунлай янгиланмоқда, иссиқлик тизими замонавий талабларга мос ҳолда қайта қурилмоқда. Лойиҳа ижроси учун давлат бюджети ҳисобидан 1 миллиард 228 миллион сўм маблағ ажратилган.
– Жорий йил бошларида мазкур спорт мактаби ҳудудидаги сузиш ҳавзаси давлат-хусусий шериклик асосида тўлиқ реконструкция қилинган эди, – дейди спорт мактаби директори Саида Мамажонова. – Барча ишлар ёш спортчиларнинг машғулотларини юқори сифатли шароитда ташкиллаш, уларнинг спорт билан доимо ошно бўлишлари учун замонавий шарт-шароитларни яратишга қаратилган.


***
Истиқлол шукуҳи кезиб юрган айни дамларда Таиланд давлатидан хушхабар келди. Бангкок шаҳрида старт олган велотрек бўйича Осиё кубогида Якка кураш спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактаби тарбияланувчиси Нафосат Қозиева аёллар ва катталар тоифасида ўз омадини синаб кўрди ҳамда “Omnium” (кўпкураш) йўналишида марра чизиғига биринчи бўлиб етиб келди.
Шунингдек, Нафосат Козиева “Team Pursuit” дастурида Асал Ризаева, Алина Бакчеева ва Самира Исмоилова Корея терма жамоасига қарши финал баҳсида иккинчи ўринни эгаллади.
Ушбу муваффақиятни вилоят жамоатчилиги учун салмоқли ютуқ сифатида эътироф этиш жоиз.


***
Яқинда пойтахтимиздаги “Янги Ўзбекистон” боғида мамлакатимиз ёшлари томонидан тарихий ютуқ қайд этилиб, унда икки минг нафар иқтидорли ёш муҳандис бир вақтнинг ўзида 1 минг 946 та кичик роботни йиғиб, дунё миқёсидаги улкан натижага эришди.
Ушбу натижани қўлга киритиш жараёнида Наманган давлат техника университетининг 80 нафар талабаси фаол иштирок этиб, “Гиннес рекордлар китоби” ташкилотининг медаллари билан тақдирланди.
Вилоят ҳокимлигида энг юқори натижага эришган талабалар ва уларнинг устозларини шарафлаш тадбирида Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов иқтидор соҳибларининг ютуқларини эътироф этиб, ташаккурнома ҳамда эсдалик совғаларини тақдим этди.


Университет ректори вазифасини бажаруви Муҳаммаджон Дадамирзаев кўрсатилган эътибор учун миннатдорлик билдириб, ушбу муваффақият робототехникага қизиқувчан йигит-қизлар учун мативация бергани, олийгоҳ ёшлари келгусида ҳам бундай ютуқларда давом этишини таъкидлади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири.