Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманган вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
21:29 / 2024-09-22

Айни вақтда Наманган вилояти Поп туманининг яқин-яқинларгача ҳам фақат тошлоқ ва қаровсиз бўлган “Қўшминор” адирликларида Хитойнинг "Next solar energy group" компанияси билан ҳамкорликда қуввати 500 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси барпо этилмоқда. У фойдаланишга топширилгач, йилига 1 миллиард 100 кВ соат электр энергияси ишлаб чиқарилади.

Табиийки, бундай йирик мажмуада ишловчи маҳаллий мутахассисларга эҳтиёж ортади. Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқовнинг хорижий компания мутахассислари билан мулоқотида жараённи тезлатиш асносида, вилоятдаги муҳандислик йўналишидаги олийгоҳлар билан ҳамкорлик ўрнатиш юзасидан келишувлари натижасида ҳозирда мазкур қурилиш объектида Наманган муҳандислик-технология институти ҳамда Наманган муҳандислик-қурилиш институти талабалари амалиёт жараёнларини ўтамоқда.  

***

Тайланд пойтахтида бўлиб ўтган спортнинг муайтай тури бўйича жаҳон чемпионатида муваффақиятга эришган наманганлик ёш чемпионлар муносиб кутиб олинди.  

Йигирмадан ортиқ давлатдан юздан зиёд шарқона яккакураш усталари беллашган мазкур нуфузли мусобақада Поп тумани спортчи-ёшлари Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди.

2-сонли туман спорт мактабининг умидли тарбияланувчилари Ҳалимжон Абдуҳалимов ва Суҳробжон Нишонбоев ўз вазн тоифасида барча рақибларини енгиб, ғолибликни қўлга киритди.  

Тантанали кутиб олиш маросимида Поп тумани ҳокимининг ўринбосари Иқболжон Холиқов бугунги кун қаҳрамонларини табриклаб, уларни камолга етказиб, спортга ошно этган ота-оналари ҳамда устоз мураббийларига миннатдорлик билдирди.

***

Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов Косонсой туманидаги ўрганишлари давомида фармацевтика соҳасида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари билан яқиндан танишди.  

Даставвал, “Косонсой-фарм” эркин иқтисодий зонаси таркибига кирувчи “Саломатлик диёр келажак сари” масъулияти чекланган жамият томонидан амалга оширилаётган лойиҳа кўздан кечирилди.

Лойиҳа қиймати 10 миллион долларга тенг, икки гектар майдонда қуриб битказилган. Корхона фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган бўлиб,  ишга тушгач 100 та янги иш ўрни яратилади.

Мазкур лойиҳани ноябрь ойидан тўлиқ фойдаланишга топширилгач, Хитой билан 8,5 миллион долларлик янги лойиҳани ҳам амалга ошириш режалаштирилган.

Шунингдек, вилоят раҳбари шу ҳудуддаги “Гигиеник воситалар, тиббиётда ишлатиладиган ип ва матолар ҳамда доривор ўсимликларни қуритиш ва қадоқлаш” лойиҳасини кўздан кечирди. Лойиҳа ташаббускори “Саховатли Гулобод фарм” масъулияти чекланган жамият амалга ошираётган, қиймати 3 миллион долларни ташкил этувчи мазкур корхона бир гектар майдонда жойлашган. Ҳозирда бунёдкорлик ишлари давом этмоқда.

***

Маҳаллаларда аҳоли турмуш шароитини яхшилаш борасида “Ташаббусли буджет” лойиҳасининг 2024 йил биринчи мавсуми натижаларига кўра, Наманган вилоятида 94 объект аниқланган бўлиб, ушбу манзилларнинг лойиҳаси ишлаб чиқилиб, ҳозирда ҳудудларда қурилиш-монтаж ишлари бажарилмоқда.

Хусусан, Наманган минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати давлат муассасаси буюртмаси асосида Учқўрғон тумани Ёрқинбойчек маҳалласи ички кўчаларига асфальт ётқизиш ишлари бажарилди. Мазкур ишларни амалга ошириш учун 11 та махсус техника ва саккиз нафар ишчи-ходим жалб қилинган.

***

Наманган шаҳри ҳокими Анваржон Отахўжаев навбатдаги “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” доирасида Наманган давлат педагогика институти талабалари ҳузурида бўлди.

Ёшларнинг мурожаат ва таклифларини эътиборга олиш, уларга амалий кўмак беришга қаратилган ушбу тадбирда ўғил-қизлар ҳокимга ўз масала ва ташаббусларини билдирди. Муҳокама жараёнида улардан 30 дан ортиғи ўз ечимини топди.  

Мулоқотда ижодкор ёшларнинг ижодий ва касбий ривожланишларини қўллаб-қувватлаш, илмий изланишдаги талабаларга зарур шарт-шароитларни ҳозирлаш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.

***

Норин туманида ўзини ўзи бошқариш органларида вазифаларни тизимли ташкил қилиш, тизимга замонавий ахборот коммуникация технологияларини жорий этиш орқали ислоҳотлар кўлами ва сифатини яхшилаш мақсадида маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларига замонавий планшетлар топширилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда туман ҳокими Жўрабек Нурматов бошчилигидаги сектор раҳбарлари давлат томонидан “еттилик” фаолияти учун яратиб берилаётган шароитлар бардавом бўлишини таъкидлади.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.