Вилоятда кейинги йилларда халқимиз фаровонлигини янада ошириш, ҳудудлар инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида хизматлар кўрсатиш сифати ва самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Маҳаллий тадбиркор Давронжон Ҳакимов ташаббуси билан Поп тумани марказида муҳташам “Pop city mall” савдо мажмуаси замонавий услубда барпо этилган. Мажмуа қурилишига 20 миллиард сўм маблағ сарфланди. Бу ерда савдо шохобчалари қаторида аёллар “Гўзаллик салони”, заргарлик ва овқатланиш хизмат кўрсатиш тармоқлари фаолияти ҳам йўлга қўйилган. Айни вақтда мажмуада 140 киши меҳнат қилмоқда.


***
Норин туманида Наманган вилояти прокурори, вилоят иккинчи сектори раҳбари Умрбек Мадраҳимов, Марказий банк вилоят бошқармаси ҳамда ҳокимлик мутасаддилари, тижорат банклари раҳбарлари, маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари иштирокида тадбиркорлар билан учрашув ўтказилди.
Мулоқотда тадбиркорликни ривожлантириш учун кўрсатилиши лозим бўлган ҳуқуқий ва амалий ёрдамлар, иқтисодий барқарорликка эришишда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун ажратилаётган банк кредитлари, уларни ундириш ва бизнес лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, ишбилармонларнинг банк хизмати билан боғлиқ турли масалалардаги таклиф-ташаббуслари, мурожаатлари тингланди.


***
Айни кунларда “Биз автомобиль йўллари тармоғининг соз ҳолатда сақланиши тарафдоримиз!” шиори остида ўтказилаётган назорат ойлиги тадбирлари доирасида Транспорт назорат инспекцияси Наманган вилояти ҳудудий бўлими томонидан ҳам автомобиль ташувлари назорати борасида юк ташишда белгиланган меъёрларга амал қилишга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.
Вазн ва ҳажм параметрлари назоратининг асосий мақсади транспорт воситаларининг автомобиль йўллари ва йўл иншоотларининг таъмирлараро муддатларигача бузилишининг олдини олиш ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини кучайтиришни таъминлашдир.
Тадбирлар давомида юк транспорти ҳайдовчиларидан оғир вазнли ва катта ҳажмли юкларни ташишда белгиланган меъёр талабларига риоя қилиш лозимлиги тушунтирилмоқда.


***
Вилоятдаги умумтаълим мактабларида Президентимизнинг 2021 йил 16 июндаги “Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизимини жорий этишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовлари ўтказилмоқда. Хусусан, Наманган шаҳридаги 1-сонли ихтисослаштирилган мактабда 1-11-синф ўқувчиларидан спорт нормативлари қабул қилинди. 7-18-ёшдаги ўғил-қизлар топшираётган чиниқиш синовлари Спорт вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган низом талаблари асосида ташкил этилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, мазкур спорт синовлари бешта ёш тоифаси бўйича вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг тажрибали жисмоний тарбия фани ўқитувчилари томонидан олиб борилмоқда. Жараёнлар таълим муассасаларида май ойигача, маҳаллаларда ноябрь ойига қадар давом этади.


Оқилхон Дадабоев,
ЎзА мухбири