English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманган вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
10:28 / 2023-09-09

Наманган тўқимачилик саноати институтида Рақамли технологиялар вазирлиги вилоят ҳудудий шуъбаси, “IT-PARK” Наманган филиали ҳамда Корея Республикаси тадбиркорлари томонидан ташкил этилган “School Foundation Sang Yoo” компанияси вакиллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Унда уч томонлама манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, биргаликда амалий ва фундаментал лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда институтда ахборот технологиялари соҳасини кенг кўламда ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди ва меморандум имзоланди. Келишувга кўра, вилоятдаги олий таълим муассасалари ичида биринчилардан бўлиб Наманган тўқимачилик саноати институтида “IT-Академияси” очилади. Мазкур академия энг сўнгги русумдаги компьютерлар ва бошқа моддий-техник воситалари билан таъминланади.

***  

Наманган шаҳридаги “Паҳлавон” спорт мажмуасида Ўзбекистон Гимнастика федерацияси вилоят бўлими ташаббуси билан мураббийлар малакасини ошириш мақсадида амалий семинар ташкил этилди. Мазкур семинарда вилоятнинг шаҳар ва туманларида фаолият олиб борувчи 43 нафар бадиий гимнастика мураббийи қатнашиб, унда спортнинг нафис тури асосий тамойилларини тушунтириш асносида маҳаллий мутахассисларнинг касбий фаолиятига услубий-амалий ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилди. Бундай амалий семинарлар мураббийларни ўз устида ишлашга ундайди, қолаверса, бадиий гимнастикани янада ривожлантириш, маҳоратли спортчиларни тарбиялашга хизмат қилади.  

***  

Ҳудудлардаги корхоналарнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани ишлаб чиқариш ҳажмининг ортишига хизмат қилмоқда. Бунга Учқўрғон туманида “Дафна М” бренди остида турли ўлчамдаги замонавий болалар таглиги гигиеник воситаларини ишлаб чиқариш лойиҳасининг  ишга туширилиши яққол мисол бўла олади. Корхона ишга туширилиши натижасида 50 нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланди. Келгусида корхона қўшимча гигиеник воситалар ишлаб чиқариш орқали ўз маҳсулотлари билан мамлакат ва жаҳон бозорида ўз ўрнини топиши, фаолиятини янада кенгайтириши, пировардида 35 та янги иш ўрни  яратиш имконига эга.  

Оқилхон Дадабоев,  

ЎзА мухбири