Ижтимоий соҳа объектларидаги иситиш тизимларининг куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида муассасалар давлат-хусусий шериклик лойиҳалари доирасида кўмир ёқилғисига ўтказилмоқда. Янги Наманган туманининг Маънавият маҳалласидаги 2-мактабда шу йўналишга бағишланган семинарда вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов бу борадаги амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди. Тумандаги 57 та объектнинг иссиқлик таъминоти тизими хусусий сектор иштирокида модернизация қилиниши режалаштирилган. Бу бўйича туман ҳокимлиги ва “Нодир Шох қурилиш”, “Ciliffs Dizayn Group” жамиятлари ўртасида битим имзоланди. Унга кўра, 78 та янги қозон ўрнатиш, 1 минг 667 та радиаторларни янгилаш, 7,6 километр ташқи ва ички иситиш тармоқларини таъмирлаш ишлари бажарилади.


***
Норин тумани ҳокимлиги ҳамда туман маънавият ва маърифат маркази ташаббуси билан “Манзилингизга етгунча китоб ўқинг”, “Вақтдан унумли фойдаланинг” лойиҳаси ташкил этилди. Бунда аҳолининг китобга бўлган муҳаббати, маънавий дунёсини бойитиш кўзланган. Лойиҳада туман ҳокими Жўрабек Нурматов бошчилигидаги сектор раҳбарлари, ИИБ Йўл патрул хизмати ходимлари автобус ва енгил автомашина ҳайдовчиларига энг сара бадиий асарлар тўпламини бепул топширди.


***
Давлатобод туманида тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар фаолиятида юзага келаётган муаммо ва қийинчиликларни бартараф этишга кўмаклашиш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилган. “Юксалиш” кичик саноат зонасида жойлашган “Saodat sanoat servis” масъулияти чекланган жамияти иқтисодиётни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва экспортга йўналтирилган ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Ушбу корхона йилига 200 минг дона тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни ўз олдига мақсад қилган. Истиқболли корхона янги лойиҳалар ва йирик битимларни амалга оширишга киришди, натижада кенгайтирилган ишчи кучига эҳтиёж пайдо бўлди.


***
Учқўрғон туманининг Пахтачи маҳалласида жойлашган “Муҳаммаджон ҳамкор сервис” масъулияти чекланган жамиятга қарашли 522 гектар майдонда помидор пишиб етилди. Помидор терими мавсумининг бошланиши қишлоққа тўкин-сочинлик кириб келганидан далолат беради. Мавсумда ҳар бир ишчи кунига ўртача 250-300 минг сўмдан оилавий 1-1,5 миллион сўмгача даромадга эга бўлади. Помидор плантациясида Пахтачи, Бирлик, Қўрғонча маҳалласи, шунингдек, вилоятнинг Уйчи, Норин туманлари ва қўшни Андижондан ҳам келган 1 минг 500 мингга яқин ишчи меҳнат қилмоқда. Маҳсулот юз фоиз экспорт қилинмоқда.


***
Уйчи туманидаги Исломобод маҳалласида фаолият юритаётган “Уйчи Асака ҳамкор” масъулияти чекланган жамиятнинг ишлаб чиқариш цехида бугунги кунда ўсимликлар барги ва илдиз орқали озиқлантирадиган “Nano organic” ўғитлари тайёрланмоқда. Тадбиркор Қодиржон Абдуллаевнинг айтишича, тош маҳсулотидан тайёрланаётган бу ўғит қуруқ ва суюқ ҳолатда бўлиб, ривожланишдан орқада қолган ўсимликлар парваришида ҳамда барча турдаги ўсимликлардан, шу жумладан, пахта, ғалла, боғдорчиликда икки баробар юқори ҳосил олиш имконини беради. Цех бир кунда 30 тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Бу 15 минг гектар майдондаги ўсимлик парваришига етади. Афзаллиги шундаки, бир гектар майдондаги пахта майдонига олти миллион сўм сарфланадиган бўлса, бу ўғитдан 600 минг сўм сарфланади.


Оқилхон Дадабоев, ЎзА