Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманган вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
19:34 / 2023-05-25

Учқўрғон туманида аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Тумандаги Янгиер маҳалласида жойлашган “Гулхумор чевархонаси” тикув цехи фаолияти бунга яққол мисол бўлади. “Гулхумор” фермер хўжалиги раҳбари, “Дўстлик” ордени соҳибаси Гулхумор Тоғаева томонидан таъсис этилган кичик корхонада асосан, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” га киритилган 100 нафар хотин-қиз ишлайди.  

***  

Янги ташкил этилган Наманган давлат чет тиллар институтининг бакалавриат йўналишида 433 нафар, магистратурада 30 нафар талаба бешта тилда таҳсил олмоқда. Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси маслаҳатчиси Кук Чан Хён бошчилигидаги делегация мазкур олийгоҳда бўлиб, Корея бурчагининг очилиш маросимида иштирок этди.  

Жаноб Кук Чан Хён Корея ва Ўзбекистоннинг маданияти, санъати ва тарихи бир-бирига ўхшашлиги, бурчакнинг очилиши ўзаро бирдамликни янада мустаҳкамлашини таъкидлади.  

***  

Давлатобод туманидаги вилоят маданият марказида Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан хусусийлаштирилиши белгиланган давлат активлари жумладан, корхоналардаги давлат улушлари, бўш турган давлат мулки объектлари ва сотилиши белгиланган ер участкалари тўғрисида навбатдаги “Roadshow” тақдимоти ўтказилди.  

Тадбирда 300 нафардан зиёд маҳаллий ҳокимликлар ҳамда вилоятдаги йирик корхоналарнинг вакиллари, тадбиркор ва инвесторлар иштирок этди.  

***  

Айни кунларда мини-футбол бўйича Давлат хавфсизлик хизмати кубоги баҳслари давом этмоқда. Янги Наманган туманида мазкур турнирнинг 16-30 ёш тоифасидаги аёллар ўртасида саралаш босқичи беллашувлари бўлиб ўтди. Унда туманнинг тўртта сектори кесимида 25 та маҳалла аёлларидан шаклланган жамоалар ҳудудларга бўлинган ҳолда ўзаро куч синашди.  

Сиҳатгоҳ маҳалласи жамоаси ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди. Мингчинорликлар фахрли иккинчи, оромгоҳликларга учинчи ўрин насиб этди.  

***  

Норин туманидаги умумтаълим мактабларида вилоят миқёсида тажриба сифатида ўзига хос кенг қамровли ташаббуслар амалга оширилмоқда. 31 та ўқув масканида асаларичилик тўгараклари ташкил этилиб, уларга 600 нафардан зиёд ўқувчи қамраб олинган. Ҳозирда 200 дан зиёд яшикларда асаларилар парваришланмоқда. Ушбу саъй-ҳаракатлар туфайли мактабларда шу йилнинг ўзида 4 тонна асал олиниб, 320 миллион сўм соф даромад олинди.  

***  

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчалар чети, корхона-ташкилотлар атрофи ва хиёбонларга манзарали ҳамда мевали дарахт кўчатлари билан бир қаторда райҳон ва ялпиз экиш ҳам режалаштирилган эди. Айни вақтда 500 минг тупдан ортиқ кўчатлар етиштирлиб, барча туманлар йўл бўйларига экиш учун етказиб берилди.  

Хусусан, Табиат ресурслари вазирлигининг Наманган вилояти бошқармаси, ободонлаштириш бошқармаси, “Наманганйўлкўкалам” унитар корхонаси томонидан шаҳар, туман марказий кўчалари йўл четларига кўчатлар экилмоқда. Биргина, Тўрақўрғон ва Поп туманларида 35 мингдан ортиқ райҳон ўтқазилди.  

Оқилхон ДАДАБОЕВ, ЎзА