Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманган вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
19:09 / 2022-11-10

Наманган вилояти Учқўрғон тумани “Оқтовлиқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида тиббиёт пункти иш бошлади.

Барча қулайликларга эга бўлган мўъжазгина масканда бир нафар оила шифокори ҳамда беш нафар патронаж ҳамшира фуқароларга тиббий хизмат кўрсатади. Тиббиёт пунктида беморларни кўруви, муолажалар учун алоҳида жиҳозланган хоналар мавжуд. Дарвоқе, оқтовлиқлардан 472 нафари турли касалликлар билан диспансер назоратида туради.

Президентимизнинг 2022 йил 19 январдаги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида “Бир нуронийга ўн нафар ёш” бириктириш орқали навқирон авлод вакиллари билан самарали ишлаш белгиланган.  

 Чуст туманидаги маҳаллаларда ҳам мазкур йўналишда  муайян ишлар амалга оширилмоқда. Бу ҳудудларда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда ёшлар маънавиятини ўстиришда ўз самарасини бераётир. Тумандаги Ғова қишлоғида жойлашган маданият марказида Тинчлик, Ғовасой соҳили, Варзигон, Янгиҳаёт ва Юқори маҳаллаларининг нуронийлар жамоатчилик кенгашлари раислари, фаол фахрийлар ҳамда кўча бошчилари иштирокида давлатимиз раҳбари қарори ижроси муҳокамасига бағишланган йиғилишда ёшлар таълим-тарбиясида алоҳида ўрнак кўрсатганлар эътироф этилди.  

Республика Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги масъул ходими Гулнора Йўлчиева тинчлик-осойишталикнинг нақадар бебаҳо эканлигини ёшларга тўлақонли тушунтиришда маҳаллаларнинг фаол нуронийлари муносиб ҳисса қўшаётганини таъкидлади. Бир гуруҳ заҳматкаш нуронийлар ва кўча бошиларга вазирлик томонидан қимматбаҳо эсдалик совғалари тақдим қилинди.  

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 майдаги “Кексаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 1 ноябрдан 30 ноябрга қадар “Кексалар учун туризм ойлиги”ни ўтказиш анъанага айланган.  

Вилоят Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси, вилоят Нуронийлар жамоатчилик кенгаши, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими томонидан бу борада бир қатор тур-саёҳатлар ташкил этилмоқда.  

Наманган тумани ҳокимлигининг амалий кўмагида ўзининг узоқ йиллик самарали меҳнати ва фидойилиги билан Ватанимиз равнақига салмоқли ҳисса қўшган меҳнат фахрийлари, кекса мўйсафидлар учун Фарғона вилоятининг тарихий қадамжолари ва диққатга сазовор жойлари бўйлаб саёҳат уюштирилди. Бу каби хайрли тадбирлар айни вақтда вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида давом эттирилмоқда.

Норин туманида 15 га яқин оилалар, Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг тумандаги вакили, имом-хатиблар, отинойилар, ички ишлар бўлими мутасаддилари, психологлар ва маҳаллалардаги “Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари иштирокида тадбир ўтказилди.  

Унда оила муқаддас даргоҳлиги таъкидланиб, ажралиш ёқасида турган оилаларнинг муаммолар атрофлича муҳокама этилди. Ўтказилган муҳокама жараёнларида ўз хатосини  тушуниб етган 10 та оила яраштирилди. Яна учта оилага  муносабатларини қайта тиклаш учун муддат берилди.  

 Оқилхон Дадабоев, ЎзА.