Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманган вилояти: Наврўзи олам аҳиллик, шоду хуррамлик айёми
18:44 / 2022-03-21

Халқимиз учун табиат уйғониши, шарқона янги йилнинг бошланиши, асл миллий, энг ардоқли айём Наврўзи олам байрами Наманган вилоятининг барча гўшалари, маҳалла гузарлари, шаҳар ва туман марказларида катта тантана қилинмоқда.

Вилоят марказидаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи ҳамда “Афсоналар водийси” темактик парки эрта тонгданоқ минглаб ҳамюртларимиз билан гавжум бўлди. Карнай-сурнай, доираларнинг тантанавор саси вилоят аҳли-ю меҳмонларни бирдек байрамга чорлади.  Таъкидлаш жоиз, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 17 февралдаги “2022 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида” ги қарори ижроси доираси ўтказилаётган сайилларда Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов, сектор раҳбарлари  кўргазмалар орқали меҳнат ютуқларини намойиш этаётган ташкилотлар, маҳаллалар, тадбиркору ҳунармандлар билан мулоқотда бўлиб байрам тилакларини билдирди.

Наврўз байрами муносабати билан меҳр-мурувват, аҳиллик ва тотувлик каби азалий фазилатлар намоён бўлди. Ёши улуғ инсонлар ҳар томонлама эъзозланиб, моддий жиҳатдан эҳтиёжманд оилаларга беғараз ёрдам кўрсатилди. Маҳаллаларда, шаҳару қишлоқларда ташкил этилган ҳашарларда кенг кўламдаги ободончилик ва кўкаламзорлаштириш ишлари бажарилди. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида минглаб манзарали ва мевали навниҳоллар экилди. Эътиборлиси, сайилларда меҳнат жамоалари томонидан ёзилган байрам дастурхонларига турли соҳаларда кўп йиллик самарали фаолияти орқали юртимиз ривожига салмоқли ҳисса қўшган фидойи фахрийлар таклиф қилиниб, эъзозу эҳтиром кўрсатилди.

– 21 йилдан буён маҳалла тизимида ишлаб келаман, – дейди Наманган шаҳридаги “Тўқувчи” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Сабоҳатхон Шокирова. – 5 мингдан зиёд   аҳоли яшовчи маҳалламизда ўзбек, рус, беларусь, украин, қирғиз, қозоқ, татар, корейс каби  турли миллат ва элат вакиллари ўзаро аҳилликда умргузаронлик қилмоқда. Айтиш жоизки, бу йилги Наврўз сайиллари ҳар қачонгиданда завқли ва тароватли ўтмоқда. Боиси, бошимизга тушган пандемия сабабли умумхалқ байрамларини маълум муддат оммавий равишда нишонлай олмаган эдик. Дошқозонларда сумалак ва паловлар пишириб, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бор оилаларга тарқатдик. Наврўз биз учун нафақат янгиланиш ва яшариш, балки меҳр- оқибат, тинчлик ва ҳамжиҳатлик байрами сифатида ҳам ғоят қадрлидир. Шуни алоҳида айтиш керакки, ҳар гал Наврўздан Наврўзгача қилинган ишлар сарҳисоб қилинади. Ўтган бир йил давр мобайнида маҳалла тизимида Президентимиз ташаббуси билан жуда катта ислоҳий ўзгаришлар амалга оширилди. Аҳоли фаровонлигини ошириш, ёшлар билан ишлаш борасида самарага эришиш мақсадида ҳоким ёрдамчиси ва ёшлар етакчиси лавозимлари жорий этилди. Мана энди эса, оилалар ва аёллар билан мунтазам ишлаш учун хотин-қизлар фаоли вазифаси йўлга қўйилмоқда. 

Болажонларнинг шодон рақслари, арқон тортиш, “оқ теракми, кўк терак” каби миллий ўйинлар, спортчи ўғил-қизларнинг моҳирона чиқишларини айтмайсизми! Миллатидан қатъий назар барча юртдошларимиз қутлуғ айёмни ўзаро аҳиллик, шоду хуррамлик билан нишонламоқда. Сайилларда вилоятдаги қирғиз, тожик, рус ҳамда корейс миллий маданий марказлари фаоллари ҳам ўз одат ва анъаналари акс этган чиқишлари билан иштирок этгани таҳсинга сазовор. 

Боғ ва хиёбонларга ўрнатилган саҳналарда эл суйган санъаткорлар, бадиий жамоаларнинг чиқишлари, кўргазмалар, дошқозонларда пишаётган сумалак ва палов, миллий баҳорий пишириқлар, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари сайил иштирокчиларига чинакамига байрамона завқ улашди. Наманган шаҳар ва Давлатобод тумани ҳокимликлари, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ёшлар иттифоқи бўлимлари томонидан ўтказилган “Ошга марҳамат” танловида иштирокчилар миллий дўппиларда палов пиширди. Варрак учириш мусобақасида ҳам миллий анъана ва қадриятларимиз яна бир карра намоён бўлди. Танловларда ғолиб чиққан ёшлар ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди.

Байрам тадбирлари доирасида фольклор гуруҳлари, бадиий ҳаваскорлик жамоалари, дорбозлар, цирк артистлари, оилавий ансамбллар, бахшилар, шоирлар, шунингдек, истеъдодли ёш ижрочилар ўз чиқишлари билан сайилга кўтаринкилик киритди. Сайил дастурларини тайёрлашда халқ ўйинлари, фольклор санъатининг энг сара намуналари, куй-қўшиқлар, ўлан-лапарларга кенг ўрин берилган.

Маҳаллалар фаоллари ва вилоятдаги тижорат банклари томонидан дошқозонларда пиширилган сумалак ва палов каби миллий таомлар, кўклам пишириқлари алоҳида ўрин тутган. Шунингдек, маҳаллий тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилган миллий маҳсулотлар кўргазмаси ҳам барчага миллий ғурур бахш этди. Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йилининг Наврўзида юз билан юзлашган момоларимиз давраларнинг файзида дуога қўл очиб, жаннатмакон юртимизга осудалик, фаровонлик, маъмурчилик тилашди. Байрам кунлари Давлатобод ва Поп туманларида бир асрни ортда қолдирган ана шундай табаррук инсонлар ҳолидан хабар олиниб, уларга эҳтиром кўрсатилди. Бу йўқловдан Поп туманидаги Чоркесар маҳалласида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 100 ёшли Мирзараҳмон ота Абдураҳмонов беҳад хурсанд бўлиб, бугунги дориломон кунларнинг қадрига етиш ва шукронасини келтириш зарурлигини айтди. 
Дарҳақиқат, инсон Наврўз кунларида ўзини табиатнинг ажралмас бир қисми сифатида ҳис этиши, атроф-муҳитни, она заминни эъзозлаб, унинг неъматларини, бугунги тинч ҳаётни қадрлаб, шукроналик туйғуси билан яшаши лозим. Бугун Наманганнинг қай бир гўшасига борманг, Наврўз шукуҳи уфуриб турганини ҳис этасиз. Бир сўз билан айтганда, янгиланиш ва яшариш байрами Наврўз барча маҳаллаларда, меҳнат жамоаларида кенг нишонланмоқда. Унинг ҳар қайси уй, ҳар қайси юртда, бутун Ер юзида тинчлик ва осудалик бўлишига даъват этиши билан аҳамияти беқиёс. Зеро, Алишер Навоий бобомиз айтганидек:

Бу дамки эсиб насими Наврўз,
Гул атрини қилди мажлисафрўз.

[gallery-6261]

Оқилхон Дадабоев, 
Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.