Наманган вилояти ҳокимлигида тайинлов
Вилоят ҳокимининг тегишли қарори билан Алишер Иброҳимович Мамажонов Наманган вилояти ҳокимлигининг ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбари этиб тайинланди. У мазкур лавозимда фаолият юритган Баҳодир Усмонович Бобохоновнинг ўрнида ишга киришди.
Алишер Мамажонов 1987 йилда Наманган шаҳрида туғилган. Маълумоти олий, 2009 йили Наманган муҳандислик-иқтисодиёт институтини тамомлаган. Мутахассислиги иқтисодчи. Меҳнат фаолиятини 2009 йилда Косонсой тумани бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказида бошлаган.
Кейинчалик Наманган вилояти меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаси, Норин-Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси, вилоят ҳокимлиги ҳудудларни комплекс ривожлантириш йиғма бошқармаси, Наманган вилояти ҳокимлигида турли масъул вазифаларда иш олиб борган.
Алишер Мамажонов янги тайинловга қадар Наманган вилояти ҳокимлигининг ташкилий-кадрлар гуруҳи бош мутахассиси вазифасида ишлаб келаётган эди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.