Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманган вилояти ҳокимининг ҳисоботи эшитилди
16:55 / 2020-12-18

Олий Мажлис Сенатининг ўнинчи ялпи мажлисида Наманган вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Ш.Абдуразақовнинг ҳисоботи эшитилди.

Ялпи мажлисда Олий Мажлис Сенатининг ишчи гуруҳи томонидан жорий йил 23-27 ноябрь кунлари вилоятни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларни комплекс равишда ўрганиш якунлари ҳам муҳокама қилинди.

Ҳисоботда вилоятни ҳар томонлама ривожлантириш, айниқса, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, саноат тармоғини кенгайтириш, тўқимачилик соҳасини янада ривожлантириш ва бу орқали аҳоли даромадларини оширишга эришиш борасида муайян ишлар амалга оширилганлиги қайд этилди.

Хусусан, ҳудудда 2020 йилнинг тўққиз ойида ишлаб чиқарилган ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 18 триллион 554,6 миллиард сўмни, ўсиш суръати эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 104,5 фоизни ташкил этган.

Маҳаллий бюджет даромадлари прогноз режаси амалда 105,6 фоизга бажарилганлиги натижасида бюджетга 76,3 миллиард сўм қўшимча манбалар шакллантирилган.

Пандемия даврида 252 та корхонанинг 5,6 миллиард сўм миқдоридаги солиқ қарздорлиги, тадбиркорлик субъектларининг 2 минг 412 та кредит шартномаси бўйича 502,6 миллиард сўмлик тўловлар муддати узайтирилган.

Бундан ташқари, вилоятда 258,7 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилиб, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 107,5 фоизга ўсган.

Ҳудудий инвестиция дастури доирасида қиймати 3,4 триллион сўмга тенг бўлган 1 минг 270 та лойиҳа ишга туширилиши натижасида 16 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилган.

Шунингдек, ялпи мажлисда  вилоятни ривожлантириш борасида ўз ечимини кутиб турган айрим муаммо ва камчиликлар мавжудлиги ҳам қайд этилди.

Жумладан, бугунги кунда вилоятдаги 54 та бўш турган давлат объектидан самарали фойдаланиш бўйича зарур чоралар кўрилмаяпти. Кредит ажратиш кечикаётганлиги боис 14 та йирик лойиҳани белгиланган муддатда ишга туширмаслик хавфи мавжуд.

Наманган туман канализация насос станцияси 1984 йилда қурилган бўлиб, ҳозирги вақтга қадар таъмирлаш ишлари олиб борилмаган. Учқўрғон тумани марказидаги 1985 йилда қурилган сув тозалаш иншооти қувватига нисбатан суткасига 1,7 баробар кўп чиқинди қабул қилинаётганлиги сабабли тез-тез авария ҳолатлари юзага келмоқда.

Шу билан бирга, ҳудудда истеъмолчиларга табиий газ етказиб бериш, аҳолини электр энергияси билан барқарор таъминлаш  борасида ҳам муаммолар мавжуд.

Мажлисда вилоятни ўрганиш якунлари халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 2020 йил 28 ноябрдаги сессиясида танқидий муҳокама этилганлиги, унда вилоят даражасидаги муаммоларни ҳал этиш бўйича 88 банддан иборат “Йўл харитаси” тасдиқланганлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, сенаторлар томонидан мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича кечиктириб бўлмас чораларни кўриш зарурлиги қайд этилди. Бу борада мутасадди идоралар раҳбарларининг ахборотлари эшитилди ва муҳокама қилинди.

Шунингдек, вилоятда ўз ечимини кутиб турган республика даражасидаги муаммоларни бартараф этиш бўйича тегишли қарор қабул қилинди ва унинг ижроси устидан сенаторлик  назоратини йўлга қўйиш белгиланди.