Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов Қорақалпоғистон Республикасининг Қораўзак туманига борди.
Вилоят ҳокими олдин фойдаланилмай ётган бинода бошланган ишлар билан танишди. Икки қаватли бу бино тез орада таъмирланиб, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича амалда ишлар бошланиб кетди. Эътиборли томони шундаки, бинонинг биринчи қаватида ишга марҳамат мономаркази каби касб-ҳунарга тайёрлаш, касбий кўникмаларни шакллантиришга хизмат қилувчи ўқув маркази иш бошлайди. Бинонинг иккинчи қаватида эса ҳунар сир-асрорларидан воқиф бўлган аёллар ишлаши учун барча шароит яратилган.

Бугунги кунда Қораўзак туманида 53 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Наманганлик бир гуруҳ ташаббускор тадбиркорлар Қораўзак туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда иштирок этмоқда. Улар иштирокида 2022-2023 йиллар мобайнида қатор лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган.
Бунинг натижасида тикув-трикотаж корхоналари ва бошқа саноат маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи заводлар фаолияти йўлга қўйилади, қуруқ ерлар ўзлаштирилиб, қишлоқ хўжалиги кластерлари ташкил этилади.

Довуд Абибуллаев, ЎзА