Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманган вилояти делегацияси Россияда
17:34 / 2025-08-28

Айни кунларда Наманган вилояти тадбиркорлари ҳамда “Ахсикент” археология парки вакилларидан иборат делегация хизмат сафари билан Россия Федерациясида бўлиб турибди. Ташриф аввалида делегация Россиянинг Курган вилояти Курган шаҳрида бўлди.

Бу тарихий манзилда “Ахсикент” археологик ёдгорлик мажмуаси раҳбари Анвар Икромов мазкур шаҳарда 10 йилдан буён тадбиркорлик билан шуғулланаётган Мусажон Ҳожиматов билан учрашув ўтказди. Ўзаро музокаралар жараёнида Наманган вилоятининг Тўрақўрғон ва Мингбулоқ туманларини боғлайдиган, уч Ахсикентга яқин ҳудудда жойлашган Сирдарё соҳилида экотуристик мажмуа барпо этиш масалалари муҳокама этилди. 

Ташриф давомида, Екатеринбург шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги Бош консуллиги биринчи котиби – консул Самандар Йўлдошев билан учрашув ўтказилди. Мулоқотда қайд этилганидек, охирги йилларда Россиянинг Свердловск ва Ўзбекистоннинг Наманган вилоятлари ўртасидаги савдо-иқтисодий, таълим ва маданий-ижтимоий алоқалар жадал ривожланмоқда. Икки ҳудуднинг биродарлашув аҳдномаси бу тараққиётда муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Учрашувда туризм, текстиль ва таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди. 2025 йил октябрь ойида бўлиб ўтадиган IV Халқаро асал фестивали, III Халқаро чорва ва парранда кўргазмаси, 2026 йил февраль ойида ўтказилиши режа қилинган II Халқаро автофестивалга россиялик сайёҳлар ҳамда соҳавий ҳамкорларни жалб этиш бўйича ҳам амалий қадам ташланди. 

Ўзаро музокаралар жараёнида Наманган вилоятининг “Gian Bros Textile” компанияси консуллик кўмагида бир неча маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан фьючерс-шартномаларини имзолади. Тадбир якунида, уч минг йиллик тарихга эга Ахсикент ёдгорлиги ҳақида ҳикоя қилувчи, академик Абдулҳамид Анорбоев муаллифлигидаги китоб тақдимоти ўтказилди. 

Наманган вилояти делегацияси Россия Федерациясининг Чувашия Республикасига ҳам ташриф буюриб, Иқтисодий ривожланиш ва мулкий муносабатлар вазирлиги масъуллари билан учрашув ўтказди. Мулоқотда туризм, текстиль ва ижтимоий соҳада ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, Наманган вилояти туризм салоҳияти тақдимоти бўлди. Вазирлик ташқи алоқалар сектори мудири Татьяна Дмитриева ҳамда ташқи иқтисодий ва ҳудудлараро алоқалар бўлими бошлиғи Дарья Соловьева ҳамроҳлигида Чебоксари шаҳри туризм масканлари ва текстиль корхоналари фаолияти билан танишилди.

Ўзбекистоннинг Қозондаги Бош консуллиги кўмагида ташкил этилган учрашувда Чувашиянинг етакчи тикув фабрикаси директори Наталья Михайлова ва Наманганнинг “Gian Bros Textile” компанияси раҳбари Аблулазиз Абдуллажонов ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. 

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.