Хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан жорий йилнинг 5-7 октябрь кунлари расмий ташриф билан Россияда бўлади.
Мазкур ташриф доирасида Россия Федерациясининг Татаристон Республикаси пойтахти Қозон шаҳрида Ўзбекистон – Россия ҳудудлараро ҳамкорлик бўйича учинчи форуми ташкил этилди.

Ушбу нуфузли иқтисодий анжуманда Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги ҳокимлик масъуллари, ташкилотлар раҳбарлари, вилоятдаги кўзга кўринган ишбилармон доиралар вакилларидан иборат делегация ҳам фаол иштирок этмоқда. Қолаверса, форумда икки мамлакатдан ҳукумат аъзолари, вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари, бизнес уюшмалар раҳбарлари, йирик компаниялар ва хусусий сектор вакиллари ҳозир бўлишди.

Форумни ўтказишдан мақсад Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари ўртасида тўғридан-тўғри ишбилармонлик алоқалари ва амалий ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашдан иборатдир.
Анжуман якуни билан Россия Федерациясининг Қозон шаҳри ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Наманган вилояти ўртасида икки томонлама ҳудудлараро иқтисодий, ижтимоий, маданий, туризм ва бошқа бир қатор йўналишлар бўйича ҳамкорлик келишувларига эришиш режалаштирилган.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири