Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги делегация Австрияга амалий ташриф билан борди. Сафар давомида кўп томонлама ижтимоий-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро манфаатли шартномалар имзолаш режалаштирилган.
Делегация аъзолари “UniCredit Bank Austria” департаменти директори Дорис Пигниттер билан учрашди. Қайд этиш ўринлики, Европадаги нуфузлибанклардан бири “UniCredit Bank Austria AG”нинг жами активлари 33,4 миллиард евродан ортиқни ташкил этади. Дорис Пигниттер Австрия назорат банки (OeKB) билан ҳамкорликда ушбу мамлакат компанияларининг Ўзбекистондаги фаолияти доирасида экспорт ва инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш бўйича тақдим этилаётган хизматларнинг доираси кенг эканлигини таъкидлади.
Наманган вилояти ҳокими ижтимоий соҳа, хусусан тиббиётни ривожлантириш учун узоқ муддатли ва фоизсиз қарз бериш имконига эга бўлган Австриянинг энг йирик банки билан ҳамкорлик қилиш мақсадга мувофиқлигини қайд этди. Бу нафақат вилоят, балки Фарғона водийсида замонавий юрак жарроҳлиги амалиётига муҳтож кишилар учун муҳим аҳамият касб этади. Мулоқот давомида қиймати 8,8 миллион Еврога тенг Наманган кардиология марказини модернизация қилиш бўйича тақдимот ўтказилди. Шунингдек, вилоят травматология марказини модернизация қилиш бўйича ҳам музокаралар олиб борилди.
Амалий ташриф давомида Наманган вилояти ҳокими бошчилигидаги делегация аъзолари Вена шаҳрида Қуйи Австрия Федерал Ери вице-губернатори Ёхен Даннингер ва бир қатор расмийлар билан музокаралар ўтказди. Унда икки томонлама кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини доимий ривожлантириш мақсадида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Келгусида ҳудудлар ўртасида савдо-иқтисодий, ижтимоий-маданий, туризм ва бошқа йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида йўл харитаси ишлаб чиқилишиқайд этилди.
Австрияга амалий ташрифнинг илк куни келишувларга бой бўлди. Австрия назорат банки (“Österreichische Kontrollbank AG”) раҳбари доктор Хельмут Беринкопф билан бўлиб ўтган учрашув бунинг ёрқин мисолидир. Томонлар Намангандаги ижтимоий лойиҳаларни имтиёзли кредитлар асосида молиялаштириш бўйича музокаралар ўтказди.
Наманган вилояти делегациясининг Австрияга амалий ташрифи давом этмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА