Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманган ва Сингапур таълим соҳасида ҳамкорлик ўрнатади
22:51 / 2025-10-31

Наманганда халқаро таълим йўналишида яна бир муҳим ҳамкорликка қадам қўйилди. Вилоят ҳокимлиги ҳамда Сингапур Республикасининг нуфузли хусусий олий таълим муассасаси – “Amity Global Institute” ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.

Бу Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов ҳамда Сингапурнинг “Amity Global Institute” директори, профессор Леон Кит Чунг бошчилигидаги делегация ўртасидаги мулоқот натижасида амалга оширилди.

Очиқ ва самимий руҳда кечган учрашувда кадрлар тайёрлаш, инновацион таълим дастурларини жорий этиш ва ўзаро тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.

[gallery-26023]

Хорижий делегация вакиллари Наманганда олий таълимга қаратилаётган эътибор, айниқса, нодавлат ўқув юртлари кўпаяётганлигини юқори баҳолаб, сунъий интеллект ва ахборот технологиялари соҳаларида халқаро стандартлар асосида малакали кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорликка тайёр эканлигини таъкидлади.

Икки томонлама имзоланган меморандум ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Наманганда халқаро стандартлар асосидаги таълим дастурларини амалга оширишни назарда тутади. Ҳужжатга кўра, 2026-2030 йиллар давомида Наманган давлат техника университетида “Amity Global Institute” ва Буюк Британиянинг “University of East Anglia” университети билан ҳамкорликда  қўшма таълим дастурлари йўлга қўйилади.

Лойиҳа доирасида ахборот технологиялари, бизнес бошқаруви ва сунъий интеллект йўналишлари бўйича икки дипломли таълим дастурлари жорий қилиниб, шу орқали наманганлик талабалар халқаро даражада тан олинадиган дипломларга эга бўлишади.

Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА