Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманган ва Хитой: олий таълимдаги изчил ҳамкорлик
19:43 / 2025-11-07

Мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш, малакали, рақобатбардош кадрларни тайёрлашда хорижий ҳамкорлик ришталарининг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.

Наманган давлат университети ректори, тарих фанлари доктори, профессор Абдуғаффор Қирғизбоев бошчилигидаги делегация ҳам хорижий таълим тизими тажрибасини ўрганиш ҳамда илм-фан соҳасида янги истиқболли йўналишларни йўлга қўйиш мақсадида яқинда Хитой Халқ Республикасида бўлиб қайтди.

Ташриф давомида бир қатор етакчи олий таълим муассасалари ва илмий марказларига борган делегация вакиллари профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар ўртасида ўзаро академик алмашинув дастурларини жорий этиш, қўшма илмий-инновацион лойиҳаларни шакллантириш, халқаро илмий фондлар ва Хитой томонидан молиялаштириладиган грантлар доирасида ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.

Дастлабки манзил – Чангчун шаҳрида жойлашган Хитой-Россия технопарки бўлиб, ушбу илмий инновацион ҳудудда тизимли тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, янги ишланмаларни тижоратлаштириш ва технологик интеграцияни кучайтириш борасидаги фаолият билан таништирилди. Технопарк директори Ли Юн Пин ва масъул мутасаддилар билан ўтказилган музокараларда таълим жараёнига инновацион технологияларни татбиқ этиш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви, шунингдек, хорижий инвестицияларни жалб этиш юзасидан ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди. Натижада, икки томонлама англашув меморандуми имзоланди.

Сзилин шаҳридаги Анъанавий Хитой тиббиёт университетидаги учрашувлар ҳам ғоят қизғин ўтиб, унда олийгоҳнинг тарихий ривожи, таълим дастурлари, замонавий лабораториялари ва илмий марказлари фаолияти билан танишилди. Олийгоҳ президенти ва масъул вакиллар билан ўтказилган расмий мулоқотда қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви ва университетга хорижий сармояларни жалб этиш бўйича таклифлар илгари сурилди. Музокаралар якунида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган меморандум имзоланди.

Сафар дастуридан ўрин олган ташриф манзили Сзилин қишлоқ хўжалиги университетига уюштирилиб, бу жойда аграр инновациялар, агробиологик тадқиқотлар ва замонавий агротехнологияларни татбиқ этиш бўйича илғор тажрибалар кўздан кечирилди. Учрашувда доривор ўсимликлар етиштириш, ўсимликлар биотехнологиялари ҳамда агрономия йўналишида қўшма дастурларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилиниб, истиқболли режалар белгиланди.

Таизҳоу университетида таълим йўналишлари, профессор-ўқитувчилар салоҳияти, илмий мактаблар ва талабалар учун яратилган шароитлар Наманган давлат университети делегацияси учун ғоят манфаатли кечди. Унда халқаро илмий-инновацион лойиҳалар устида ҳамкорлик, академик алмашинув дастурларини ривожлантириш, хорижий грант йўналишлари бўйича ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. 

Умуман олганда, Хитойга ташриф мобайнида эришилган келишувлар, имзоланган англашув меморандумлари ва белгиланган истиқболли режалар Наманган давлат университетининг халқаро майдондаги ўрнини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ҳамкорлик алоқаларининг кенгайиши қўшма илмий изланишлар, инновацион лойиҳалар, профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш, талабалар учун эса халқаро таълим тажрибаларини ўзлаштириш имкониятларини яратади. 

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.