Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманган ва Австрия ҳамкорлиги мустаҳкамланади
17:59 / 2026-03-10

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил сентябрь ойида Наманганга ташрифи чоғида вилоятни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган йиғилишда туризм соҳаси учун кадрлар тайёрлаш мақсадида кейинги ўқув йилидан Австриянинг Кремц университети билан Наманган давлат университетида қўшма факультет ташкил қилиш вазифаси топширилган эди.

19 мингга яқин талаба 70дан зиёд мутахассислик бўйича таҳсил олаётган Наманган давлат университетида айни вақтда Европа ва Осиё мамлакатларидаги нуфузли олий таълим муассасалари билан биргаликда 10 та қўшма таълим дастури иш олиб бормоқда.

Эндиликда эса, Австрия пойтахти Вена шаҳрида жойлашган Кремц амалий фанлар университети билан ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда. 1994 йилда ташкил топган ушбу нуфузли олий ўқув юртида ҳозир 3 минг 100 нафар талабага 560 нафар профессор-ўқитувчи таълим бермоқда.

Дунё бўйлаб 200дан ортиқ ҳамкорларига эга бўлган Кремц университетига Европа ва халқаро сифат назорат агентликлари томонидан “ISO” сертификатлари берилган. Озарбайжон, Хитой, Миср, Саудия Арабистони ва мамлакатимиздан Тошкент давлат иқтисодиёт университети билан қўшма таълим дастурлари йўлга қўйилган. Кремц амалий фанлар университети кузатув кенгаши раиси Хайнц Боер бошчилигидаги делегациянинг Наманганга ташрифи айни шу ҳамкорлик кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилди.  

Меҳмонларнинг Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов ҳамда университет ректори Абдуғаффор Қирғизбоев билан олиб борган музокараларида туризм, тадбиркорлик ва талабалар тайёрлашда ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Европаликлар Наманганда олий таълимга қаратилаётган эътиборни юқори баҳолаб, туризм, тиббиёт соҳаларига халқаро стандартлар бўйича малакали кадрлар етказиб беришда ҳамкорлик юзасидан таклиф-мулоҳазаларини билдирди.  

– Наманганга илк ташрифимиз катта таассурот қолдирди. Гуллар диёрида туризм, меҳмонхона хўжалиги ва таълимни бирлаштирган катта лойиҳани режалаштирганмиз, – дейди делегация раҳбари Хайнц Боер. – Бу дуал таълимга асосланади ва ишончим комилки, ҳамкорлигимиз келажакда Наманган-Европа алоқаларида кўприк бўлади.  

Делегация аъзолари Наманган давлат университетининг халқаро ҳамкорлик соҳасидаги ташаббуслари, талабалар учун яратилган шарт-шароитлар ва кенг имкониятлар билан яқиндан таништирилди. Икки олий таълим муассасаси ўртасида туризм йўналишида қўшма таълим дастури ҳамда келгусида қўшма факультетни очиш масалалари муҳокама қилинди.

Музокаралар давомида, Ўзбекистон ва Австрия ўртасидаги таълим соҳасидаги алоқаларнинг мустаҳкамланиши икки мамлакат ёшларини глобал туризмнинг янги босқичларига тайёрлашда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. Шунингдек, ўқитувчилар алмашинуви, халқаро грант лойиҳаларида ҳамкорликда иштирок этиш, илмий-тадқиқот фаолиятини кенгайтириш каби йўналишларда ҳам фикр алмашилди.

Мулоқот якунида томонлар талабалар алмашинуви, қўшма тадқиқот ва академик дастурларни ишлаб чиқиш, илмий-тадқиқот ҳамда ўқитувчи кадрлар алмашинуви, умумий манфаатга эга бўлган нашрлар ва илмий материаллар билан алмашиш, талабалар ва битирувчилар учун амалиёт дастурларини ташкил этиш, медиа ва ахборот ресурсларини ишлаб чиқиш бўйича англашув меморандуми имзолашди.

Кремц амалий фанлар университети делегацияси ташриф доирасида Чортоқ туманида ҳам бўлди. “Чортоқ” санаторийсида яратилган замонавий шароитлар, санаторийнинг табиий шифобахш суви меҳмонларга манзур келди. Суҳбат жараёнида тиббиёт ва туризм йўналишларида ҳамкорлик қилиш муҳокама этилди.

Шунингдек, меҳмонлар томонидан немис тилини пухта билган маҳаллий ёшларни Австрияда ўқитиш, уларни малакали мутахассис сифатида тайёрлаш ва кейинчалик иш билан таъминлаш бўйича таклифлар илгари сурилди. Икки давлат ўртасида илмий-таълим ва тиббиёт туризми борасида ҳамкорликни кенгайтириш истаги билдирилди.

Наманган вилояти туризмида туб бурилиш вазифасини ўташи кутилаётган “Chartak Resort” санаторийсида дам олувчилар учун яратилган шароитлар ва сервис хизматлари европаликларнинг ҳайратини оширди. Ҳар томонлама қулай иқлим ҳудудида жойлашган ушбу масканда дам олиш ва соғломлаштириш хизматлари халқаро стандартлар асосида ташкил этилгани юқори баҳоланди. Меҳмонларга сиҳатгоҳнинг табиий шифобахш сув манбалари, тиббий хизмат имкониятлари ва замонавий инфратузилмаси ҳақида маълумотлар берилди.

Таъкидлаш жоизки, Австрия делегациясининг ташрифи икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, Наманганда саломатлик туризми йўналишида тажриба алмашиш учун муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА