Австрия Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонасининг тижорат бўйича маслаҳатчиси Рудольф Лукавский бошчилигидаги делегация Наманган вилоятига ташриф буюрди.
Меҳмонлар ҳамда вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов ўртасида бўлиб ўтган мулоқотда таъкидланганидек, кейинги йилларда Наманган ва Австрия ўртасида ўзаро дўстона муносабатлар ривожланиб, айниқса, тиббиёт соҳасидаги ҳамкорлик юксак самаралар бермоқда.
Қайд этиш жоизки, делегация таркибида Австриянинг йирик ишбилармон доиралари – қишлоқ хўжалиги кластери, “AME International GmbH”, “Fundermax GmbH”, “SZ-Kontakt Trans GmbH” компаниялари вакиллари бор.
[gallery-27393]
Музокарада қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, транспорт логистикаси, экспорт йўналишларида ҳамкорликни янада кучайтириш, маҳаллий ишбилармонлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилди.
Тиббиёт соҳасидаги ҳамкорликни давом эттириш, юртимиздан Европа давлатларига мева экспортини йўлга қўйиш, Наманганда чорвачилик йўналишида ўқув маркази ташкил этиш, ёш деҳқонларни Австрияда малакасини ошириш, саноат, инвестиция масалаларида наманганлик тадбиркорлар билан ҳамкорлик ўрнатиш юзасидан келишиб олинди.
Учрашув давомида меҳмонларга Наманганда анъанавий ўтказиладиган халқаро “Гуллар фестивали” ҳақидаги видеоролик намойиш этилиб, жорий йилда бўлажак 65-юбилей тадбирларига таклиф этилди ва австриялик делегация вакиллари иштирок этиш истагини билдирди.
Ташриф давомида Австрия делегацияси Наманган вилоятининг иқтисодий, қишлоқ хўжалиги, экспорт каби салоҳиятини кўрсатувчи объектлари билан яқиндан танишди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.