Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманган театри Озарбайжонда. Эндиги навбат Жанубий Корея ва Сингапурга! (+видео)
14:58 / 2023-10-10

Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар ўз тарихидаги энг юксак даражага чиқди. Бунга икки юрт давлат раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиевларнинг сиёсий иродаси ила ўзаро юзма-юз учрашувларда қабул қилинган қатъий қарорлари сабаб бўлди.

Сиёсий, иқтисодий муносабатларнинг ривожи билан чекланиб қолинмади. Маданий – маърифий соҳадаги ҳамкорлик туфайли Ўзбекистон ва Озарбайжон ёзувчи ва санъаткорлари борди-келдилари қалинлашди.

Наманган вилояти мусиқали драма театри репертуарида бугун йигирмадан зиёд саҳна асарлари ижро этилмоқда. Ўзбекистон халқ шоири Охунжон Ҳакимов қаламига мансуб  “Бу чоллар ажиб чоллар”  ҳажвий спектакли эса 15 йилдан буён саҳнадан тушмайди. 

– Асардаги асосий воқеа бир қишлоқдаги оддий чоллар ҳаётига бағишланган, - дейди режиссёр ва актёр Маъруфжон Ниёзов. – Унда инсонлар орасидаги меҳр-оқибат, бойликка ружу қўйиш оқибатлари каби ҳаётий лавҳалар акс эттирилади. Бу асарни Наманган шаҳар – туманлари ва бошқа вилоятларда ҳам намойиш этдик. Куни кеча эса “Бу чоллар ажиб чоллар” спектаклини Озарбайжон томошабинларига тақдим қилдик.

Ҳа, театр жамоаси айнан шу асарни октябрь ойининг илк кунлари Боку шаҳрига гастроли чоғида Озарбайжон давлат академик мусиқали драма театри саҳнасида ижро этдилар.

– Бу спектаклга мен энг иқтидорли актёрларни жалб этдим. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Алижон Тожибоев, Азиза Каримова, Меҳрихон Абдуллаевалар ижросидаги  саҳна асари юксак маҳорат билан ижро этиб келинмоқда, – дейди Маъруфжон Ниёзов.

Қардош юрт театр ихлосмандлари наманганлик санъаткорлар маҳоратини эътироф этиб узоқ давомли қарсаклар билан олқишладилар.

Наманган вилояти театри жамоасининг ижодий режалари катта ва унинг сафар жадвали жуда тиғиз.

– Ҳозир чет драматурглари ва Алишер Навоийнинг “Сабъаи сайёр” асарларини саҳналаштиряпмиз, – дейди театр директори Нозимжон Тошпўлатов. – Вилоят ҳокимлиги кўмагида Америка, Жанубий Корея, Россия, Япония каби мамлакатлар театрлари билан ўзаро ижодий сафар алмашув ҳақида музокаралар олиб боряпмиз. Яқин кунларда эса Жанубий Корея ва Сингапурга йўл оламиз.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/ORp0WVwcbJc" title="Наманган театри Озарбайжонда. Эндиги навбат Жанубий Корея ва Сингапурга!" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Муҳаммаджон Обидов,

Элёр Олимов (видео), ЎзА