“Сиздан розидир минг-минг ўзбек оилалари!”
Биласизми, кейинги икки, уч ой давомида наманганликлар Сизни соғинишди, интиқ кутишди. Қаерда бўлмайлик ҳамма бири-бирига савол беради: “Президентимиз қачон келар эканлар-а?”, “Хабарингиз йўқми, ташриф қачон экан?” Ҳа, сўровчи гарчи бу саволга жавоб ололмаса ҳам барибир бир-бирларига шу саволни беришар ва аввалги ташриф вақтидаги хушнудликларини яшира олишмас эди. Улар кутган кун келди. Сиз, 16 сентябрь куни вилоятимизнинг ҳаво дарвозасидан кириб келдингиз. Хабаримиз бор, ўтган йилги ташрифингизда аэропортнинг янги лойиҳаси тақдимоти билан танишган эдингиз. Ўшанда биз ўзгача меҳрли муносабатингизни яна бир бор ҳис этгандик. Ахир узоқни яқин қилувчи бу ҳаво улови қўниш – учиш жойини авлодларимиз бежиз тайёрагоҳ дейишмаган экан. Ҳамма нарса тахт, тап-тайёр маскан бўлиши керак эканда тайёрагоҳ.
Дарҳақиқат, мустақилликка эришганимиздан сўнг бизни бошқа давлатлар, эллар-элатлар тан олди. Мустақил юртимизга қизиқувчилар кўпайди. Ўша онларда шоир ва ҳофиз бежиз куйламаган эди: “Ўнгга келинг, сўлга келинг! Бу мустақил юртга келинг! Ҳамда чилвир сочга келинг!”.
Аэропортимиз замон талабидан орқада, туристлар оқимини “қабул қилолмас” эди. Боз устига довруғи дунёга кетган Наманганнинг олмасини, анору узумини, қовун-тарвузини хорижликларга етказиб беришнинг иложи бўлмасди. Хизматлар экспорти йўқ эди. Сиз аэропортда бўлган вақтингиздаёқ “Президент UZ” сайти барча таҳлилларни кенг ёритди.
“Уч қаватли қилиб қурилаётган янги терминалда йўловчи ташиш қуввати 2,5 карра ошади. Чегара назорати ва виза бўлимлари, бизнес зали, савдо ва овқатланиш шохобчалари, тиббиёт хонаси, Duty free дўконлари замонавий ташкил этилади.
Шунингдек, аэропортда улкан юк терминали қурилмоқда. У кунига 50 тонна юк ташиш ва 90 та мамлакатга экспорт қилиш имконини беради. Энг муҳими, бу орқали водийда ягона карго тизими яратилади. Ҳудуднинг бизнес, экспорт ва транзит салоҳияти ошади.
Масалан, бу йил Наманган вилоятига 1,5 миллион хорижий ва икки миллиондан ортиқ маҳаллий сайёҳларни жалб қилиш, хизматлар экспортини 210 минг долларга етказиш режалаштирилган...
Аэропортда махсус сервис техникалари ҳам янгиланади. Бу турли ҳажмдаги самолётларни қабул қилиш ва уларга хизмат кўрсатиш имконини беради. Шунингдек, кейтеринг, ёнилғи қуйиш мажмуаси ва бошқа хўжалик бинолари қурилади. Янги терминаллар келгуси йил ишга туширилиши кўзда тутилган...
Сиз амалга оширилаётган ишлардан қониқмадингиз. Шу боис муҳим кўрсатмалар бердингиз: “Дунёнинг илғор тажрибасидаги каби, аэропорт атрофида меҳмонхоналар, савдо ва кўнгилочар мажмуалар, барча замонавий хизматлар бўлиши зарурлигини таъкидладингиз. Автотураргоҳ ва сервис объектлари ташкил этиб, меҳмонлар учун қулайликларни кенгайтириш вазифаси”ни қўйдингиз. Бу биз наманганликлар учун ифтихор эмасми?!
Аэропорт ҳудудига ҳам пахта экилган онлар ёдимизда. Бу ҳудуддан чиқиб Поп сари юзланган одам пахта етиштиришдек машаққатли меҳнат ҳар бир ўзбек оиласига чирмовиқдай ёпишганини ҳам биламиз. Бугун эса туманлараро автомагистраль йўлининг икки томонида замонавий саноат иншоотлари, кўп қаватли турар жой массивлари.
Чуст туманидаги “Мегатон” корхонасини кўриш истаги ҳар бир киши қалбидан ўтгани аниқ. Негаки, серфарзанд халқимиз учун уй-жой муаммоси ҳамиша ўткир масала бўлиб келган. Сизнинг тадбиркорларга яратаётган шароитингиз уларнинг “қўлини узайтирди”, режасини тиниқлаштирди. Ахир ўзбек қачонгача пахса деворли уйда, хом ғиштли хонадонда яшаши мумкин эди?! Бизни замонавий турар жойларда яшашга ҳақли эканлигимизни, “халқимиз эртага ҳам эмас, бугун яхши яшашга ҳақли эканлигини” Сиз тушунтирдингиз. Бунинг учун уй-жой арзон бўлиши, яъни қурилиш материаллари маҳаллийлаштирилиши керак.
“Наманган” эркин иқтисодий зонасида жойлашган, "Туронбанк" томонидан молиялаштирилган газоблок корхонаси шулардан бири. 40 миллион долларлик ушбу лойиҳа доирасида Хитой, Германия, Дания каби давлатлардан инновацион технологиялар келтириб ўрнатилган. Шу боис, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифати ва самарадорлиги юқори.
Масалан, Германия технологияси энергия тежамкорликни таъминлайди. Бундай газоблокдан қурилган бинони ташқи изоляция қилиш шарт бўлмайди, ичкаридаги иссиқлик ва салқинлик тўрт карра кам йўқотилади. Натижада электр энергияси харажати 45 фоизгача қисқаради.
Ишлаб чиқаришда “Мегатон” корхонасига қарашли “Наманган цемент”нинг 550 маркали цементидан фойдаланилади. Бу орқали қўшилган қиймат занжири яратилган. Корхонада 500 та янги иш ўрни очилган.
Мазкур корхонада йилига 600 минг метр куб маҳсулот ишлаб чиқарилади. Бу вилоятда ғиштга бўлган эҳтиёжнинг 28 фоизини қоплаши кутилмоқда.
Лойиҳанинг иккинчи босқичида автоклав газоблок девори, махсус клей, кимёвий қоришма ва сувоқларни маҳаллийлаштириш режалаштирилган”.
Кичик ва ўрта тадбиркорликни ривожлантириш учун ҳамма имконият яратиляпти. Биргина вилоятимизнинг ўзида 73 та саноат зонаси яратилибдия. Қарийб 1,5 минг гектар майдондаги бу ҳудудда неча-неча одам ишлаб, қора қозонини қайнатиш имконига эга бўлди. Биргина Сиз қадам ранжида қилган “Тараққиёт” саноат ва сервис зонасидаги лойиҳалардан кўзимиз қувонди.
“Ғиждувон тажрибаси” асосида 10 гектар майдонда ташкил этилган ушбу зонада 113 та лойиҳа жойлаштирилган. Уларнинг барқарор ишлаши учун бюджет ҳисобидан электр энергияси, ичимлик ва оқова сув тармоқлари, ички йўллар каби зарур инфратузилма барпо этилган.
Натижада йилига 500 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш қуввати вужудга келди, 4 минг 800 та янги иш ўрни яратилди. Ёндаш маҳаллалардан 170 нафар тадбиркор жалб этилгани, 350 дан зиёд хонадонда кооперация асосида маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани аҳолининг иқтисодий фаоллигини янада оширмоқда...
Шу ерда сизга Наманган вилоятида шаҳарсозлик ва уй-жой қурилиши йўналишида амалга оширилаётган йирик лойиҳалар ҳақида маълумот берилди. Бу ишлар аҳоли учун замонавий яшаш шароитларини таъминлаш ва ҳудудларни комплекс ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади”.
“Сув ҳаёт манбаи” эканлигини ҳаммамиз биламиз. Гарчи Наманган шаҳри замини табиатан намчиллиги юқори бўлсада, тоза ичимлик суви ҳамиша муаммо бўлиб келган. Собиқ совет давлатида маблағ ажратиш осон кечмас эди. Давлатимиз мустақилликка эришган дастлабки беш йилликда бу масала ниҳоятда ўткирлигича қолмоқда эди. Шу боис “Қизилравот – Наманган” тоза ичимлик суви тармоғи қурилиши зарбдор бунёдкорлик даражасига кўтарилди. Шу лойиҳа боис Наманган шаҳар аҳолисининг эҳтиёжи маълум даражада қондирилди. Мен ўша йиллари “Наманган садоси” газетасида ишлар ва “Қизилравот”да мухбирлар гуруҳини ташкил этгандик. Сиз, Чортоқ туманидаги “Айқирон-1” насос станциясини кўздан кечирганингизда Катта Фарғона каналини, Катта Наманган магистрал каналини қурилишлари ҳам кўз ўнгимдан ўтди. Маълумотдан билдимки, мазкур насос орқали 815 гектар ер суғорилади. Бу айтмоққа осон. Шунча гектар ердаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари дастурхонимиз тўкин-сочинлиги асоси эмасми? Шунинг учун Сиз бугун “Айқирон-1” тажрибасини оммалаштириш кераклигини таъкидладингиз.
“Тадбиркор томонидан давлат-хусусий шериклиги асосида бу ерга энергия тежамкор агрегат ва замонавий ускуналар ўрнатилди. Янгиланган тизим йилига қирқ фоизгача электр энергиясини иқтисод қилиш имконини бермоқда.
Вилоятда икки юздан ортиқ насос станцияси бор. Улардан 43 таси “Наммоторс сув таъминот” корхонасига давлат-хусусий шериклиги асосида 10 йил муддатга бошқарувга берилган. Бу жараёнга 40 миллиард сўмлик инвестиция йўналтирилган. Иншоотларга ўрнатилаётган насос агрегатлари маҳаллийлаштирилган”. Сиз, бой ҳаётий тажрибага эга бўлган Презиент “Фақат технологияларни янгилаш билан чекланиб қолмасдан, уларни малакали бошқариш ва тўғри фойдаланиш ҳам муҳимлигини таъкидладингиз. Илм ва билим билан иш юритилса, модернизациянинг иқтисодий самараси юксалади. Қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик ортиб, озиқ-овқат хавфсизлиги ва аҳоли турмуш даражаси яхшиланади”, дедингиз.
Совет даврида Москвада ўқирдим. Россиянинг турли ҳудудларини кездим. Саёҳатларнинг бирида фарел балиғи ҳақида гапириб беришди. Маълум бўлдики, танаси холдор бу жонзот бизда хонбалиқ деб юритиларди. Учқўрғонлик нуроний Абдуқодир Ўтбосаров бор. У ирригатор ва қурувчи. Пенсияга чиқиб ҳам бекор ўтирмади. Учқўрғондаги имкониятлар ҳақида Президентга хатлар ёзди. Маҳаллий раҳбарлар дастлаб уни айблашди. “Нафақада бўлсангиз, жим яшайвермайсизми? Сиз ёзган таклифларга жуда катта маблағ керак” – деб. Аммо Сиз, Юртбошимизнинг қўлингизга тушган мурожаатнинг ечими албатта, ижобий бўларкан. Норин дарёсининг Учқўрғон шаҳри юқори қисмидаги ўзанлари “фарел” балиқзорларига тўлди. Бу тансиқ неъмат ривожи жойларда ҳам авж олди. Бугун гулмоҳи балиғи етиштиришга ихтисослашган Норин туманидаги “Фишвел Норин” корхонаси фаолиятидан сўзласам, уч миллион доллар ҳисобига шундай лойиҳа бошланган. Икки гектардан зиёд ҳудудда 76 та инновацион ҳавза ташкил этилган. Ҳозирги кунда шундан 40 таси ишга туширилган бўлиб, супер интенсив усулда гулмоҳи балиғи етиштирилмоқда. Умуман, бу ерда йилига икки минг тонна тансиқ гўшт етиштирилиб, беш миллион долларлик экспорт қилиш мўлжалланган...
Буни янада кенгайтириб, Норин ва Учқўрғон туманларидаги 100 та оилани балиқчиликка жалб этиш режалаштирилган. Жумладан, икки минг тонна гулмоҳидан 500 тоннаси хонадонларда етиштирилади. Натижада 300 дан зиёд киши иш билан таъминланади.
Шу ерда Сизга “Ислоҳотлар штаби” фаолияти юзасидан ахборот берилди. Қайд этилганидек, тадбиркорлар билан биргаликда 1 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Уларнинг натижасида жами 12 минг иш ўрни, бюджетга қўшимча 200 миллиард сўм тушум, 160 миллион доллар экспорт манбаи пайдо бўлади.
Тумандаги “Расулов Ғофуржон ўғли Баҳодир” фермер хўжалиги даласида ҳам бўлиб, пахта теримини кўздан кечирдингиз. Бу ерда хорижий ғўза нави экилиб, юқори ҳосил етиштирилган. Кимёвий ишлов беришга учувчисиз аппаратлар, теримга замонавий машиналар жалб этилган. Улар ёрдамида пахта нест-нобуд қилинмай, тоза териб олиняпти.
Оддий одамлар оғзидан кўп эшитамиз: Президент маҳаллий раҳбарлар томонидан тайёрлаб қўйилган жойлардан кўра “маршрут”ни ўзлари белгиласалар эди...”. Ана шундай кутилмаган маршрутлар Сизнинг қатъиятингиз билан бўляпти. Оғир шароитли жойлар Сизнинг ғамхўрлигингиз билан обод масканга айланяпти. Буни биз Наманган шаҳрининг “Бунёдкор” маҳалласида яшовчилар ўз ҳаётимизда кўрдик, билдик, ҳис этдик. Энди бунга Шўрариқ маҳалласи фуқаролари ҳам гувоҳ бўлишади.
“Маҳалланинг шароити оғир. Ички йўллар таъмирталаб, кўча чироқлари ва лотоклар йўқ. Бу ерда 5 мингдан зиёд аҳоли яшайди. 62 та камбағал оила, 118 нафар ишсиз бор, 157 одам миграцияда”.
Яқин кунларда мазкур ҳудудда Сизнинг тавсиянгиз ва кўрсатмангиз бўйича замонавий “маҳалла гузари ва сайилгоҳ барпо этилади, болалар ва спорт майдончалари, кутубхона, касб ва тил ўргатиш маркази, банк шохобчаси ташкил қилинади. Мактаб ва боғчалар давлат инвестиция дастури доирасида капитал таъмирланади. Кўчалар асфальтланиб, манзарали ва мевали дарахтлар, гул кўчатлари экилади. Эскирган ва ҳосилдорлиги паст боғлар тўлиқ янгиланади. Ижтимоий шартнома асосида одамлар ўз уйларини тартибга келтиради.
Умуман, бутун мамлакатимизда қуйи тизимда ишларни “жонлантириш” бўйича қарор ишлаб чиқилаётгани айтилди. Туман ва маҳаллаларга янгича қиёфа олиб кириш учун бюджетдан жами 5 триллион сўм ажратилади. Жумладан, Наманганда Косонсой ва Норин туманларига 100 миллиард сўмдан, қолган туманларнинг иккитадан “оғир” маҳалласига эса 5 миллиард сўмдан йўналтирилиб, уларни меҳнатда намунали, ҳаёти фаровон, тадбиркорликда етакчи ҳудудга айлантириш чоралари кўрилади”.
Наманган шаҳар тарихини ёзиш асносида совет даврида қурилган гидроэлектростанциялар ва улар ҳақида ўқиганим бор эди. Бироқ Сиз, давлатимиз раҳбари ўтган йили 25 март куни Наманган вилоятида янги электр станциялари қурилишини бошлаш фикрини илгари сургандингиз. Бу галги ташрифингизда Норин ГЭСлар каскадининг дастлабки босқичини ишга туширдингиз.
Энг муҳими, у тўлиқ маҳаллий маҳсулот ва ускуналар асосида барпо этилди. Шу маънода, уни мамлакатимиздаги “биринчи миллий ГЭС” дейиш мумкин. ГЭС бир йилда171 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятига эга. Бу ерда 130 та янги иш ўрни яратилади.
Лойиҳа натижасида 430 мингта хонадон электр энергияси билан таъминланади, йилига 290 миллион куб метр газ тежалади. Бу иқтисодиёт учун қарийб 300 миллиард сўмлик қўшимча манфаат демакдир. Шу жиҳатдан “Норин ГЭСлар каскади” нафақат энергетик, балки ижтимоий ва иқтисодий аҳамиятга ҳам эга.
Норин ГЭСлар каскади – яшил иқтисодиётни ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қиладиган стратегик лойиҳа ҳисобланади. 2026 йилда иккинчи ва учинчи, 2027 йилда қолган станциялар ҳам ишга туширилади. Ҳар бир станциянинг қуввати 38 мегаватт бўлиб, уларнинг фаолиятида қўшимча иш ўринлари яратилади”.
Болалигимнинг беғубор ва беташвиш онлари айнан Норин дарёси ва ундан сув оладиган каналлар бўйида ўтгани учун бу миллий ГЭСлар менга қанчалар қимматли...
Муҳтарам Президент! Ташриф якунида фаоллар билан ўтказган йиғилишингиз, биз наманганликлар учун олам-олам янгилик бўлди. Бу ишларни шарҳлаш алоҳида мавзу.
“Энг яхши намуна кўрсатиб, аҳолисини рози қилган ҳудудга “Президент тумани” ва “Президент маҳалласи” мақоми берилиб, уларга яна қўшимча имкониятлар тақдим қилинишига” маҳалла ва туманларда яшовчи ҳар бир фуқаро ўзининг шахсий ҳиссасини қўшиши керак. Узоқ йиллик журналистлик фаолиятим билан мен ҳам шу ҳаракатнинг бош бўғинида бўламан.
Раҳимжон ИРИСОВ,
Ўзбекистон журналистлар уюшмаси аъзоси