Қатардан медаллар шодаси билан
Наманган вилояти терма жамоаси спортчилари яқинда Қатар пойтахти Доха шаҳрида бўлиб ўтган таэквондо “WT” бўйича “Qatar Open 2025 G-1” халқаро турнирида салмоқли натижаларга эришдилар. Дунёнинг 48 давлатидан келган мингдан зиёд спортчилар иштирокида юқори рақобат асосида кечган ушбу халқаро мусобақада вакилларимиз ўз ҳисобига медаллар шодасини ёздириб қўйишгани таҳсинга молик.
Хусусан, 44 килограмм вазнда Мардона Ҳусниддинова, Бахтиёр Иброҳимов барча рақибларни ортда қолдириб, олтин медалларни қўлга киритди. Худди шу вазнда ўз ёш тоифасида финалгача жангларни мағлубиятсиз ўтказган Осиё Давлатова кумуш медалга сазовор бўлди. Ярим финалгача етиб келган Бекзод Йўлдошев 33 килограмм ва Муҳаммадали Эргашев 27 килограмм вазнда фахрли учинчи ўринни эгаллаб, бронза медалга муносиб кўрилди.

Наманганликлар ғолиблик шоҳсупасида
Яқинда Испаниянинг Памплона шаҳрида спортнинг трамполин тури бўйича ёшлар ўртасида бўлиб ўтган II жаҳон чемпионати ва XXXI Бутунжаҳон ёшлар мусобақаларида Ўзбекистон терма жамоаси таркибида муносиб беллашган Наманган вилояти атлетларнинг ажойиб натижалари вилоятимиз спорт жамоатчилигини беҳад мамнун этди.
Дунёнинг энг кучли ёш спортчилари қаторида қатнашиб, финалгача борган Сардор Муҳаммадиев иккита кумуш, Ҳусниддин Раҳмониддинов кумуш медаллар билан тақдирланди. Баҳсларда энг яхши учинчи натижани кўрсатган Жамшид Раҳимов, Жаҳонгир Баҳодиров ва Элшод Маматюсупов бронза медалига лойиқ топилди.
Жаҳон чемпионатида ўз иқтидор ва салоҳиятини намоён эта олган атлетларимиз Янги Наманган туманидаги “Паҳлавон” спорт мажмуасида жойлашган вилоят гимнастика спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактаби раҳбарияти томонидан кутиб олиниб, алоҳида рағбатлантирилди.


“Навбаҳор” футболчиси “Йил кашфиёти”, деб топилди
Наманганнинг “Навбаҳор” жамоаси ярим ҳимоячиси Аббос Ғуломов Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси томонидан 2025 йилги мавсум якунлари бўйича ўтказилган “Энг зўр” – “Uz Footbaall Awards” танловида “Йил кашфиёти” номига муносиб топилди.


Эътироф этиш жоиз, 27 ёшли Аббос Ғуломов жорий йилда мамлакат Суперлигасидаги 30 баҳснинг барчасида майдонга тушиб, рақиблар дарвозасига 10 та тўп киритди ва учта голга муаллифлик қилди. Аббос Ғуломов Суперлига жамоаларида тўп сурувчи Рустам Турдимуродов (29 + 7+2), Нодирбек Абдураззоқов (29+6+2), Носиржон Абдусаломов (21+3+6), Амир Тўрақулов (24+3+1) каби футболчиларни ортда қолдирди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.