Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманган шаҳар оқова сув тозалаш иншоотини “METITO UTILITIES LIMITED” компанияси барпо этади
15:32 / 2021-12-24

Молия вазирлигида “Наманган шаҳар оқова сув тозалаш иншоотини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қуриш” лойиҳаси юзасидан ўтказилган тендер ғолибини аниқлаш бўйича тадбир бўлиб ўтди.

Маҳаллий ва хорижлик масъуллар, соҳа вакиллари иштирок этган маросимда Молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг биринчи ўринбосари, Ўзсувтаъминот” АЖ бошқаруви раиси  – Тендер комиссияси раиси ўринбосари  Соҳиб Саифназаров, Осиё тараққиёт банкининг давлат-хусусий шериклик бўйича мутахассиси, лойиҳа менежери Мукта Малхотра, Осиё тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонаси директори вазифасини бажарувчи Хироки Такаяма ва бошқалар  мазкур тендернинг ўтказилиши  ва лойиҳанинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди.

 Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан Осиё тараққиёти   банки кўмагида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, “Ўзсувтаъминот” АЖ ҳамда Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги томонидан амалга оширилмоқда.

– Илк лойиҳага тендер  эълон қилиш икки йил олдин бошланган эди. Пандемияга қарамасдан, бу борада ишлар бир кун ҳам тўхтатилгани йўқ. Осиё тараққиёти банки иштирокида ва уларнинг мутахассислари билан биргаликда  2 босқичли очиқ ва шаффоф тендер жараёнлари ўтказилди. 1-босқичда лойиҳага қизиқиш билдирган 23 та хориж компаниясига дастлабки малакани баҳолаш (RFQ) шартлари юборилди. Тендер жараёнининг 2-босқичида Буюк Британия ва Шимолий Ирландия бирлашган қироллигининг “Metito Utilities Limited” компанияси ҳамда Нидерландиянинг “Almar Water Solutions BV” консорциум компанияси иштирок этди. Бу мамлакатимизда мазкур йўналиш бўйича давлат-хусусий шериклик асосидаги биринчи лойиҳа ҳисобланади. Кейинги лойиҳамиз эса Тошкент шаҳрида оқова сув иншоотини қуриш билан боғлиқдир, – деди С.Саифназаров

Мутахассислар таъкидлаганидек, молиявий таклифлар бўйича йиллик эркин фойдаланганлик учун тўлов борасида Буюк Британия ва Шимолий Ирландия бирлашган қироллиги Гернси оролининг “Metito Utilities Limited” компанияси томонидан 97,5 миллиард сўм ва Нидерландия давлатининг “Almar Water Solutions BV” консорциум компанияси томонидан 103,1 миллиард сўм таклифи билдирди.

Тадбирда "Наманган шаҳар оқова сув тозалаш иншоотини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қуриш" лойиҳаси бўйича тендер комиссияси аъзоларининг фикри эшитилди. Мазкур лойиҳа борасида идоралараро тендер комиссияси томонидан Буюк Британия ва Шимолий Ирландия бирлашган қироллигининг “Metito Utilities Limited” компанияси молиявий таклифлар бўйича йиллик эркин фойдаланганлик учун тўловнинг  энг паст нархини, яъни йиллик тўлов 9 миллион доллар таклиф этди ва халқаро тендер ғолиби, деб топилди.

– Лойиҳа бўйича тендер жуда шаффоф ўтказилгани учун Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорлигимизни билдирамиз, – деди “Metito Utilities Limited” компаниясининг бизнесни ривожлантириш бўйича менежери Ясухиро Такунага.  – Шу билан бирга, биз билан тўғридан-тўғри мулоқотлар олиб борган ва  тендерни ташкил этган ташкилотларга ташаккур айтамиз. Тендерда компаниямиз ғолиб бўлди. Бу бизга шараф ва катта масъулиятдир. Ўйлайманки, мазкур лойиҳа татбиқ этилгач, Наманган шаҳри аҳолисига катта қулайликлар яратилади.


– Бугунги кунда Наманган шаҳри таркибида иккита – Янги Наманган тумани ва Давлатобод тумани ташкил этилди. Наманган аҳолиси бир миллионга яқинлашаётган шаҳарга айланмоқда. Бунда аҳолининг ўсиши билан бир қаторда шаҳримизнинг ўзига хос инфратузилмаси ҳам ривожланмоқда. Молия вазирлиги, Осиё тараққиёт банки, Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги ва Наманган вилояти ҳокимлиги билан биргаликда бу лойиҳа бўйича ўрганишлар олиб борилди. Тендерда Metito Utilities Limited” компанияси ғолиб бўлди. “Наманган шаҳар оқова сув тозалаш иншоотини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қуриш” лойиҳасининг  қиймати 90 миллион долларни ташкил этади. Муддати эса 25 йил, шундан дастлабки 2 йили қурилиш даври этиб белгиланган. Лойиҳа доирасида қуввати суткасига 100 минг м3 оқова сувларини тозалашга мўлжалланган иншоотни ва 7,5 км. узунликдаги оқова сув тармоқларини қуриш назарда тутилган. Ушбу лойиҳа сув борасидаги муаммолар ечими бўлади, – деди Наманган вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Толибжон Юсупов.

 

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА