Аввал хабар берганимиздек, Панжоб провинцияси губернатори Муҳаммад Сарвар бошчилигидаги Покистон Ислом Республикаси делегацияси 5-8 февраль кунлари амалий ташриф билан Наманган вилоятида бўлди.
Панжобдаги ҳукумат аъзолари, йирик компаниялар раҳбарлари ва тадбиркорлар вилоят марказидаги “Шодиёна” тантаналар мажмуасида ташкилланган “Made in Namangan” кўргазмаси ва “Наманган-Панжоб” бизнес-форумида иштирок этди.
Кўргазмада саноат, фармацевтика, озиқ-овқат, текстиль каби турли йўналишларда ишлаб чиқарилган маҳаллий маҳсулотлар, ҳунармандларнинг қўл меҳнати билан тайёрланган буюмлар намойиш этилди.
Бизнес форум аввалида Наманган вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Абдураззоқов сўзга чиқиб, ўтган 2020 йил давомида Покистон билан Наманган вилояти ўртасидаги ўзаро товар айрибошлаш ҳажми 3 миллион 400 минг АҚШ долларини ташкил этгани, аммо бу рақамлар икки томоннинг имконияти ва салоҳиятига мос эмаслиги, мазкур ташриф бу борадаги кўрсаткичларни оширишга хизмат қилажагини таъкидлади.
Панжоб губернатори Муҳаммад Сарвар Наманганга ташрифи давомида яратилган дўстона муҳит учун миннатдорлик билдириб, икки томонлама иқтисодий алоқалар билан бир қаторда, таълим ва тиббиёт соҳаларида ҳам ҳамкорлик ўрнатилишига ишончи комил эканини қайд этди. Зеро, бугунги кунда 110 миллион киши истиқомат қиладиган, Покистон аҳолисининг деяли ярмини ташкил қиладиган Панжобда 70дан зиёд олий таълим муассасаси, етакчи тиббиёт ва фармацевтика компаниялари фаолият юритмоқда.
Покистон Ислом Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Саид Али Ғулоний, Покистон текстиль фабрикалари ассоциацияси раиси Гоҳар Ижаз форумда ўзаро манфаатли ришталарни мустаҳкамлаш ва уни юқори босқичга кўтариш юзасидан ўз таклиф-ташаббусларини илгари сурди.
Шунингдек, покистонликларга Наманган вилоятининг инвестициявий жозибадорлиги ва туризм салоҳияти ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.
Меҳмонлар кўргазма, форум ва ўзаро музокараларда вилоятнинг текстиль, ишлаб чиқариш, ҳунармандчилик, туризм сингари юқори самарадор йўналишлардаги салоҳиятига катта қизиқиш билдирди.
Форум якунида ишбилармон доира вакиллари ва етакчи компаниялар, бошқармалар ўртасида “B2B” ва “B2G” форматдаги музокаралар ўтказилди. Бунинг натижсида икки томонлама ўзаро ҳамкорлик бўйича бир қатор манфаатли келишувлар имзоланди.
[gallery-1071]
Хусусан, “Namangan To’qimachi” масъулияти чекланган жамияти билан “Ejaz group of Companies” компанияси ўртасида текстиль соҳасида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, “Mexmash” масъулияти чекланган жамияти билан “AKD Group Holdings (Pvt.) Ltd” компанияси ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйиш белгиланди. Шунингдек, “Namangan To’qimachi” масъулияти чекланган жамияти билан “AKD Group Holdings (Pvt.) Ltd” компанияси ўртасида текстиль соҳасида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда ҳам ҳамкорлик қилинадиган бўлди.
Наманган вилояти уруғчилик бошқармаси билан “Fatima Group Corporation” компанияси ўртасида уруғчилик маҳсулотлари етказиб бериш бўйича ўзаро савдо алоқаларини йўлга қўйишга келишилган бўлса, “Ifoda аgrokimyohimoya” масъулияти чекланган жамияти билан “Fatima Group Corporation” компанияси ўртасида минерал ўғитлар ишлаб чиқариш бўйича инвестицион лойиҳа тасдиқланди.
Наманган вилояти туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси билан Покистон Ислом Республикасининг “Ўзбекистон –Покистон савдо уйи” ҳамда “Holidays in Central Asia” туристик компанияси ўртасида туризм соҳасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида келишувлар имзоланди.
– Покистонлик йирик компаниялардан бири билан имзоланган эътиборга молик битим заводимизда ишлаб чиқарилган қурилишда ишлатиладиган ўрама мих (шурп) маҳсулотларни Покистонга ва шу давлат орқали Европа мамлакатлари бозорига олиб киришда муҳим аҳамият касб этади, – дейди Наманган шаҳридаги “Mexmash” масъулияти чекланган жамияти директори Зокиржон Ходжаев. – Қолаверса, бу келишув корхонамиз улушини жаҳонга машҳур биржалар савдосига чиқариш учун тайёрлаш вазифасини ҳам ўтайди.
Панжоб губернатори бошчилигидаги делегациянинг юртимизга илк ташрифи Ўзбекистоннинг асосий хорижий шерикларидан ҳисобланган Покистон билан кўп қиррали, ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этди. Наманган вилояти билан Панжоб провинцияси ўртасида “Биродарлашган ҳудудлар” сифатида имзоланган савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар, илмий-техникавий, туризм соҳаларидаги ўзаро ҳамкорлик меморандуми келгусида самарали натижаларга элтиши шубҳасиз.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА