Мамлакатимиздаги 46 та олий таълим муассасасида айни кунларда алоҳида қобилият талаб этадиган таълим йўналишлари учун ўтказилаётган касбий (ижодий) имтиҳон жараёнлари айни қизғин паллага кирди.
Шу жумладан, Наманган муҳандислик-технология институтининг дизайн таълим йўналишида ўқиш истагини билдирган 143 нафар абитуриент соҳа бўйича ижодий имтиҳонларни топширишни бошлади.

Имтиҳон ўтказиладиган манзилга замонавий кузатув камералари ўрнатилиб, институтнинг махсус электрон платформаси ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали тўғридан-тўғри эфирга узатиб бориш тизими йўлга қўйилди. Бу эса ота-оналар ва кенг жамоатчилик вакилларига истаган жойдан туриб ижодий имтиҳонларни кузатиб бориш имконини беради.

Ижодий имтиҳоннинг илк кунида 63 нафар йигит-қиз ўз маҳоратини синовдан ўтказди.
– Болалигимдан дизайнер бўлишни орзу қилганман, шунга эришиш учун Наманган муҳандислик-технология институтини танладим ва ижодий синовларни топширдим, – дейди Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳридан келган талабгор Шаҳзода Абдуллажонова. – Ўз яратган асаримдан мамнунман. Имтиҳонларимиз очиқ ва шаффоф ўтказилмоқда. Жараёнларни ота-онам уйимиздан туриб кузатиб боришяпти.

Ижодий имтиҳонларни ўтказишга Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг буйруғи билан Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомчилик ва дизайн институтининг етакчи профессор-ўқитувчилари бош-қош бўлди. Шунингдек, жамоатчилик назоратини ўрнатиш мақсадида Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши депутатлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармасининг мутахассислари ҳам жараёнларни кузатиб борди.

Наманган муҳандислик-технология институтининг дизайн таълим йўналиши учун 50 та квота ажратилган бўлиб, шундан 10 таси давлат гранти ва 40 таси тўлов шартнома шаклидаги квота ҳисобланади. Ижодий имтиҳон натижалари ҳар кунлик график бўйича шу куннинг ўзида эълон қилиб борилиши режалаштирилган.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА