Ўсиб келаётган ёш авлодни ақлан баркамол, руҳан тетик, тарбиявий жиҳатдан етук қилиб вояга етказиш мақсадида Наманган вилоятидаги 17 та умумтаълим мактабида синов тариқасида “Япония тажрибаси” жорий этилмоқда.
Мазкур тажриба бошланғич синфларда татбиқ этилиб, жами 95 та синфни қамраб олади. Бугунги кунда ёш ўғил-қизлар орасида кўп учраётган интизом, масъулият, жамоавийликнинг сустлиги, телефонга ҳаддан ташқари боғланиш, бефарқлик ва тарбиявий бўшлиқ каби муаммоларга ечим сифатида ушбу тажриба муҳим аҳамият касб этади.
Айнан 7-9 ёш оралиғида бундай кўникмалар шаклланиши инобатга олиниб, тартиб-қоидалар бошланғич синфлардан бошлаб жорий этилиши белгиланган. Тажриба доирасида ҳар бир ўқувчи синф хонасига кирганда ўзига бириктирилган жавонга кийимларини жойлайди, овқатланишда фақат шахсий идишлардан фойдаланади ҳамда синф хонасининг тозалигига ўқувчиларнинг ўзи масъул бўлади. Шу орқали болаларда мустақиллик, тартиб-интизом ва жамоага масъулият ҳисси шакллантирилади.
[gallery-27077]
Наманган вилояти ҳокими, сенатор Шавкат Абдураззоқов ҳудудлардаги ўрганишлари чоғида Наманган шаҳридаги 27-сонли умумтаълим мактабида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Ушбу илм масканида “кунчиқар ўлка” методологияси асосида ўнта синф фаолият олиб бормоқда. Тажрибани самарали йўлга қўйиш мақсадида япониялик мутахассислар ҳам жараёнга жалб этилган.
Вилоят раҳбари бу масалага юзаки қаралмаслик лозимлигини айтар экан, маърифатпарвар аллома Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”, деган теран ўгитини тилга олди. Янги тажриба асосида нафақат ўқувчиларнинг тарбияси, балки мактаб муҳитининг яхшиланиши, бунинг натижасида болаларнинг илмга бўлган қизиқиши ва интилиши ортади.
Ўрганишлар чоғида, мактабдаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан масъул раҳбарларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар ҳам берилди.
Оқилхон Дадабоев,
Ҳотам Мамадалиев (сурат),ЎзА.