Мамлакатимизда текстиль ва тўқимачилик соҳасида наманганлик тадбиркорларнинг ўрни беқиёс. “Ideal”, “Fazman”, “Iftixor”, “D.Maretti” каби бренд остида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар нафақат юртимиз бозорларида, балки Америка ва Европа давлатларида ҳам ўз харидорларига эга.
Жумладан, “D.Maretti” номи билан машҳур бўлган Наманган шаҳридаги "Asror textile" масъулияти чекланган жамияти томонидан янги иш ўринлари ва экспорт салоҳияти сари муҳим қадам ташловчи янги лойиҳа амалга оширилмоқда.

Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги ишчи гуруҳи мазкур корхонанинг янги қурилаётган тикувчилик ишлаб чиқариш биносида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишди.
Қайд этиш жоизки, “D.Maretti” бренди остидаги тикилаётган костюм-шимлар нафақат ички бозорга етказилмоқда, балки Европага ҳам экспорт қилинмоқда.

Амалдаги лойиҳа доирасида мингдан ортиқ фуқаролар иш билан таъминланган. Янги қурилаётган тикув корхонаси ишга туширилгач, яна 600 киши учун қўшимча иш ўринлари яратилади. Бу эса аҳоли бандлигини ошириш, оилалар даромадини кўпайтириш ва ҳудуд иқтисодиётини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлади.

Корхонада ўтган 2025 йил давомида 10 миллион АҚШ доллари миқдорида экспорт амалларини бажаришга эришилди. Янги ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилиши билан ушбу рақамлар янада ортиши, экспорт географияси кенгайиши ҳамда миллий бренднинг халқаро бозордаги мавқеи мустаҳкамланиши кутилмоқда.
Ўрганиш давомида вилоят раҳбари замонавий талабларга мос равишда барпо этилаётган янги лойиҳа саноат салоҳиятини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА