Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Наманган – Хитой” инвестиция ва бизнес форуми
18:42 / 2024-04-18

Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари йилдан йилга ривожланмоқда. Наманганда ўтказилаётган “Наманган – Хитой” инвестиция ва бизнес форуми ҳам бунга яққол мисол.

Икки кун давом этадиган кенг қамровли форумда 300 дан зиёд хитойлик ишбилармонлар, йирик компаниялар раҳбарлари, Наманган вилоятидаги тадбиркорлик субъектлари иштирок этмоқда. Тадбирда электротехника, қурилиш материаллари, тўқимачилик, озиқ-овқат, фармацевтика, чарм, парранда, заргарлик, ипак ва бошқа йўналишларда фаолият кўрсатаётган бир қатор компаниялар, тадбиркорлар ўзаро музокаралар олиб боради. Янги лойиҳалар юзасидан келишувларга эришилади.

Халқаро форум Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” спорт мажмуасида “Made in Namangan” кўргазма ярмаркасининг очилиши билан бошланди. Наманган вилояти ҳокими ўринбосари О. Иномов меҳмонларни Ўзбекистонга ташриф билан қутлади. Наманган вилоятининг иқтисодий ва саноат салоҳияти, инвестиция жозибадорлиги ҳақида батафсил маълумот берди.

2024 йил 1 январь ҳолатига кўра, Наманган вилоятида Хитой Халқ Республикасининг капитали иштирокида 56 корхона фаолият кўрсатмоқда. Шундан 18 таси қўшма, 38 таси хорижий корхона ҳисобланади. “Made in Namangan” савдо кўргазма ярмаркасида вилоятдаги 500га яқин корхоналар томонидан енгил саноат, чарм пойабзал, электротехника, қурилиш материаллари, озиқ-овқат ва мебелсозлик саноати маҳсулотлари намойиш этилди.

[gallery-16998]

Кўргазма билан танишган хитойлик тадбиркорлар, инвесторлар текстиль, электротехника, қурилиш, озиқ-овқат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, чарм-пойабзал каби тармоқлар бўйича ҳамкорлик қилиш истагини билдирди. Вилоят инвестиция бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, форумнинг дастлабки кунида ташкил этилган савдо саноат кўргазма ярмаркаси якунлари бўйича бўлиб ўтган хитойлик ва маҳаллий тадбиркорлар ўртасидаги “B2B” учрашув ва музокараларида 350 миллион долларлик лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга қаратилган келишувлар имзоланди.

– Компаниямиз электротехника, асосан электр кабеллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган, – дейди “Томпсон компьютер” компанияси директори Дейвид Чен. – Ўзбекистонда кўп бор келганман. Наманганга илк ташрифимиз йирик иқтисодий форум доирасида амалга оширилаётганидан хурсандмиз. Савдо саноат ярмаркасида наманганлик тадбиркорлар билан музокаралар ўтказдик. Насиб қилса юртингизда ўзаро ҳамкорликда завод қуришни режалаштирганмиз. 

Шундан сўнг, Хитой Халқ Республикасидан ташриф буюрган инвесторлар Наманган шаҳри ва туман ҳокимликлари вакиллари ҳамроҳлигида ўзлари қизиқиш билдирган ҳудудларга йўл олди. Уларда бир қатор ишлаб чиқариш объектлари билан танишув, ҳудудлар иқтисодий салоҳияти тақдимотларини ўтказиш ҳамда икки томонлама ҳужжатларни имзолаш режалаштирилган. 

Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат) ЎзА.