Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманган гўзаллик шайдоларини Гуллар байрамига чорламоқда
08:32 / 2023-05-20

ФОТОРЕПОРТАЖ

Наманган шаҳрида ўтказиладиган анъанавий Халқаро гуллар фестивалининг бошланишига ҳам саноқли кунлар қолди. 62-бор ўтказиладиган ушбу нафосат байрамига вилоятда қизғин ҳозирлик кўрилди. Наманган гулларга бурканди, ўзгача чирой очди. 

Гуллар фестивалига ташриф буюрувчилар қамрови йилдан-йилга ортмоқда. Ўтган йилги сайлга 2 миллион 300 мингдан зиёд меҳмон ташриф буюрган бўлса, жорий йилнинг 21 май санасидан бошланадиган байрамга қарийб 4,5 миллион гул ишқибози келиши кутилмоқда.

Фестивалнинг асосий манзиллари – вилоят марказидаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Маданият ва истироҳат боғи ҳамда “Афсоналар водийси” тематик парки, шунингдек, шаҳар кўча ва хиёбонларига 30 миллион тупдан кўпроқ 53 турдаги гул кўчатлари, манзарали буталар ўтқазилди. Жойларга 40 дан ортиқ турдаги 500 минг тупга яқин атиргуллар экилиб, шаҳарда хушбўй ифор таратувчи гулзорлар ястанди. 

[gallery-11976]

Байрам кайфияти шаҳарга чор тарафдан кириб келинадиган кўчалар, айниқса, минтақанинг ҳаво дарвозаси ҳисобланган Наманган халқаро аэропортидаёқ кўзга ташланмоқда.

–Бобур боғининг ўзида 100 дан ортиқ корхона, ташкилот ва муассаса боғбонлари томонидан бир-бирини такрорламайдиган композицияли гулзорлар, ландшафтлар яратилди, - дейди истироҳат боғи директори Равшан Исомиддинов. – Боғбонлар гул шайдоларини хушнуд этиш учун астойдил ҳаракат қилмоқда. 

Анъанавий фестиваль кун тартиби бу йил турфа йўналишдаги маданий-маърифий ва кўнгилочар дастурлар, кўплаб шоу томошалари ва бошқа жалб этувчи тадбирлар билан бойитилган. “Афсоналар боғи”да кунора намойиш этиладиган гала концертлар, лазер шоу, мушакбозлик дам олувчиларни ўзига чорласа, Ўзбек миллий симфоник оркестрининг очиқ осмон остидаги чиқишлари, “Фарғона водийси модалар ҳафталиги” ҳамда IT бўйича халқаро форум, ҳунармандлар ярмаркаси, “Ўзбек палов маданияти” ошпазлар чемпионати, аския кечаси, халқаро этноспорт фестивали, цирк усталари ва аниматорларнинг ажойиб томошалари анжуманга келган ҳар бир кишига шукуҳли лаҳзаларни тақдим этиши шубҳасиз.

Шунингдек, фестиваль давомида озарбайжонлик жаҳон эстрадаси юлдузлари – Талиб Тале ва Зайнаб Ҳасаний ҳамда туркиялик машҳур хонанда Рафет Эл Роман концертлари бўлиб ўтади.

Жорий йилги тадбирга халқаро гулчилар уюшмалари ва йирик гулчилик ташкилотларини жалб этиш ҳамда уларнинг ўз намойишлари билан иштирокини таъминлаш мақсадида, 15 та давлатга, жумладан, “Azerbaijan Flower Producers”, “Korea Flower Association”, “Royal Union of Belgian Florists” сингари компанияларга таклиф юборилган бўлиб, уларнинг вакиллари бугун-эрта Наманганга етиб келиши кутилмоқда. 

Халқаро гуллар фестивали нафақат маданий-маърифий тадбир, балки, истиқболли бизнес лойиҳаси сифатида вилоят иқтисодиёти, хусусан, туризм салоҳиятини ривожлантиришга муносиб улуш қўшаётганини ҳам айтиб ўтиш ўринли. Буни ўтган йилги тадбирлар чоғида сайёҳлик хизматлари экспорти 18 миллион АҚШ долларидан, умумий даромад эса 500 миллиард сўмдан ортганида ҳам кўриш мумкин. Бу йилги тадбирларда ушбу кўрсаткични мос равишда 90 миллион АҚШ доллари ва 1,2 триллион сўмга етказиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, ҳудудда яратилаётган қулай соҳа инфратузилмаси ички ва ташқи туризмнинг янги имкониятларини юзага келтириши билан муҳим аҳамиятга эга. Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, ўтган йили вилоятга ташриф буюрган туристларга хизмат кўрсатиш учун 2000 нафардан ортиқ жойлаштириш воситалари, умумий овқатланиш шохобчалари, такси хизмати, гид-таржимонлар ва бошқа туристик хизмат вакиллари жалб этилган бўлса, бу йил хизматчиларнинг сони 4000 нафардан ортади.

Фестивалда хорижлик сайёҳларга шарт-шароитлар яратиш мақсадида вилоятда фаолият кўрсатаётган икки олий таълим муассасаси ҳамда Наманган шарқ тиллари ва хизмат кўрсатиш техникумининг туризм соҳасида таълим олаётган битирувчи курс талабаларидан иборат 150 нафар волонтёрлар гуруҳи шакллантирилди. 22 та меҳмонхона ва 54 меҳмон уйи бир пайтнинг ўзида 8891 кишини қабул қилишга ҳозирлаб қўйилди.

Таъкидлаш жоиз, фестиваль доирасида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, унда йигирмага яқин хорижлик экспертлар иштироки кутилмоқда. Мазкур халқаро конференциянинг ташкилий ишлари Ахсикент археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш дирекцияси ҳамда “TourismLab” маркази ўртасидаги меморандум асосида изчил амалга оширилмоқда.

Бу ҳали ҳаммаси эмас! Янада кўпроғини кутинг!

 

Камола ЮСУПОВА,

Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат) ЎзА