Мамлакатимиздаги барча олий таълим муассасалари қаторида Наманган давлат университетида ҳам 2022-2023 ўқув йили учун касбий (ижодий) имтиҳонлар бошланди.
Университетга жорий қабул жараёнида тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси, мусиқа таълими, жисмоний маданият, мактабгача ва бошланғич таълимда жисмоний тарбия, спорт фаолияти (хотин-қизлар спорти, волейбол ва кураш) йўналишлари бўйича 3009 нафар абитуриентдан ҳужжатлар келиб тушди.
Касбий (ижодий) имтиҳонларнинг дастлабки кунида абитуриентларнинг 312 нафари спорт фаолияти (хотин-қизлар спорти, волейбол ва кураш) йўналишлари бўйича маҳорат, куч, эпчиллик, тезкорлик асосида синовдан ўтди.

Албатта, мазкур йўналишга ҳужжат топширган абитуриентлар бу йўлни шунчаки хоҳиш билангина танлаган эмас. Бу соҳа ўз эгасидан соғлом ва кучлилик, метин ирода, мусобақа ва машғулотларда тобланганликни тақозо этади. Демак, талабаликка талабгорлар кучлилар ичра энг кучли, маҳоратлилар ичра энг маҳоратли бўла олиши керак. Айни шу боисдан ҳам имтиҳонлар биринчи кундаёқ нафақат жиддий синов эканлиги билан, балки ёшларни ўзаро ҳамфикрлилик ва дўстона муносабатларга чорлагани билан катта аҳамият касб этди.

– Олий таълим муассасамизда жорий йилги қабул жараёнида спорт фаолияти (хотин-қизлар спорти) йўналиши бўйича 141 нафар абитуриент талабалик учун белгиланган касбий (ижодий) имтиҳонларни топширмоқда, – дейди Наманган давлат университети “Пресс клуб” раҳбари Санжарбек Ҳамидов. – Имтиҳонлар университетимиз 1-биносидаги спорт зали ва Наманган шаҳридаги “Ёш куч” ўйингоҳида бўлиб ўтмоқда. Ҳар икки ҳудудда абитуриентларнинг ўз салоҳиятларини тўлақонли намоён этишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган.

Дарҳақиқат, олий таълим муассасаларида бошланган касбий (ижодий) имтиҳонлар абитуриентлар учун энг масъулиятли ва ҳал қилувчи даврни бошлаб берди. Имтиҳонлар шу йилнинг 10 августига қадар давом этади.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА