Бугунги кунда энергия манбаларидан тўғри ва оқилона фойдаланиш долзарб масалага айланган. Мамлакатимизда ишлаб чиқилаётган электр энергиянинг қарийб тўқсон фоизи иссиқлик электр станциялари зиммасига тўғри келади.
Йил давомидаги булутсиз кунлар 250-270 кунни, қуёш нурланиши 2850-3050 соатни ташкил қилса, қуёш энергетикаси биз учун энг қулай манбадир. Жорий йилнинг 15 февраль куни Президентимизнинг “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори қабул қилинди.
Мазкур ҳужжатда ижтимоий ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаларида ҳамда иқтисодиёт тармоқларида қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш, энергия самарадорлигини ошириш орқали республика ҳудудларида энергия тақчиллиги қопланишини таъминлаш кўзда тутилган. Бу борадаги ишларни комплекс ташкил этиш ҳамда инвесторлар учун қулай шароитлар ва рағбатлантириш механизмларини жорий қилиш мақсадида бир қатор вазифалар белгилаб берилди.
Қарорга кўра, жорий йилда умумий қуввати 4300 МВт бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари ишга туширилади. Таъкидлаш жоизки, Наманган давлат университети мамлакатимиздаги олий таълим муассасалари орасида биринчилардан бўлиб муқобил энергия тизимини жорий этди. Бугунги кунда олийгоҳнинг барча ўқув ва талабалар тураржой биноларига қуёш панеллари ва сув иситиш коллекторлари, тунги ёритгичлар ўрнатилди.

– Агар олий ўқув юртимиз бўйича бир ойда ўртача 65 минг кВт/с электр энергияси сарфланишини ҳамда бунинг учун электр таъминоти корхонасига 65 миллион сўм маблағ тўланишини ҳисобга олсак, бугунга келиб 355 кВт/с электр энергияси ишлаб чиқарадиган қуёш панелларининг тўлиқ ишга туширилиши натижасида бир ойда бу маблағ уч баробар, яъни 50 миллион сўмдан ортиқ иқтисод қилинади, – дейди Наманган давлат университетининг молия-иқтисод ишлари бўйича проректори Рустамжон Имомов. – Муқобил энергия тизимига ўтиш салмоқли маблағни тежаб қолинишига хизмат қилмоқда. Бу маблағлар университет ўқув бинолари ва талабалар тураржойларида ёшлар учун муносиб шароитларни яратиш, таълим сифатини янада ошириш, иқтидор соҳибларини рағбатлантириш каби хайрли ишларга йўналтирилади. Муқобил энергияга ўтиш жараёнида университет ҳудудида 63 дона тунги ёритгич ҳам ўрнатилди. Аввалги ҳолатда мазкур тунги ёритгичлар учун бир йилда 157 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфланар эди. Бундан ташқари, ўқув ва талабалар тураржой биноларидаги йўлакларга 300 дан ортиқ сенсорли ҳаракат датчиклари ўрнатилди. Бу ҳам электр энергияси сарфини маълум даражада тежалишига хизмат қиляпти.
Таъкидлаш жоизки, университет истеъмолдан ортиқча электр энергиясини “Ҳудудий электр тармоқлари” корхонасига сотишни бошлади. Бу борада мазкур корхона билан шартнома имзоланди. Эътиборлиси шундаки, қуёш панеллари воситасида ишлаб чиқарилаётган эҳтиёждан ортиқча электр энергиясини сотаётган муассасалар вилоятда саноқли. Демак, Наманган давлат университети эндиликда электр энергияси истеъмолчисигина эмас, балки ишлаб чиқарувчи ҳамдир. Бу молиявий мустақилликка эришган олий таълим муассасаси иқтисодини сезиларли равишда мустаҳкамлайди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.