Бугун интернетдаги айрим телеграм каналларида Наманган Давлат университети 14 кунлик онлайн таълимга ўтганлиги, хорижий филология факультети талабаларидан бирида коронавирус инфекцияси аниқланганлиги бўйича хабарлар тарқатилди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан университетнинг ахборот хизмати томонидан қуйидаги мазмунда расмий изоҳ билдирилди:
“Наманган Давлат университетида ўқув жараёни белгиланган тартибда тасдиқланган дарс жадвали асосида давом этмоқда. Университет профессор-ўқитувчилари ва талабалари Наманган вилояти санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси томонидан белгиланган муддатларда мунтазам равишда “Covid-19” аломатларини аниқлаш бўйича кўрикдан ўтказиб келинмоқда.
Жумладан, 2021 йилнинг 25 март кунидан бошлаб университет профессор-ўқитувчилари, ходимлари ва талабаларининг вилоят санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги томонидан навбатдаги тест топшириш жараёнлари бошланди. 25 март ҳолатига кўра, 302 нафар профессор-ўқитувчи ва ходимдан олинган натижалар манфий, яъни касаллик аломатлари йўқлигини кўрсатди. 26 март куни университетнинг филология факультетида талабалар ва профессор-ўқитувчилар кўрикдан ўтказилмоқда, бир нафар талабада касаллик аломатлари бўйича гумон бўлгани нотўғри маълумот тарқалишига сабаб бўлган. Бу талабанинг тест натижалари ҳали ўз тасдиғини топгани йўқ.
Ижтимоий тармоқларда Наманган Давлат университетида ўқув жараёни онлайн шаклга ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Университет фаолиятига доир расмий маълумотлар телеграмдаги расмий каналда бериб борилади.”
Оқилхон Дадабоев, ЎзА