"Налгае" тропик тўфони 13 кишининг ҳаётига зомин бўлди
Филиппинда "Налгае" тропик тўфони келтириб чиқарган табиий офатлар натижасида 13 киши ҳалок бўлди, яна беш киши бедарак йўқолди. Бу ҳақида “Анадолу” ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Жануби-Шарқий Осиёдаги орол давлатига бу йилги 16-тропик бўрони бўлмиш “Налгае” тропик тўфони кучли ёмғир, сув тошқини ва мамлакатнинг бир қанча ҳудудларида кўчкиларни келтириб чиқарди.
Филиппин расмийларидан бири Нагуиб Смнаримбонинг айтишича, Бангсаморо автоном вилоятининг Магуинданао ҳудудида тинимсиз ёмғир ёғган.
Унга кўра, жабрланган ҳудудларда қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда.
Маълумот ўрнида, Филиппинда ҳар йили ўртача 20 та бўрон ва тайфунлар содир бўлади. 2013 йилда орол давлатини қамраб олган “Ҳайян” тропик тўфони 6 мингдан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган эди.
ЎзА